Бу муддатда хориж мамлакатларидан воҳага халқ хўжалиги учун зарур бўлган маҳсулотлар импортида қуйидаги товарларни ташкил этиши маълум бўлди.
Хусусан, маҳаллий ишбилармонлар четдан кўпроқ асбоб-ускуналар (61,3 миллион $), металл ва ундан тайёрланган буюмлар (23,4 миллион $), транспорт ва эҳтиёт қисмлар (10,9 миллион $) сингари товарларни харид қилишга катта эътибор қаратган.
Яратилган қулайликлар маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи тадбиркорларга ҳам қўл келмоқда. Буни юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли, арзон ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар мисолида кўришимиз мумкин. Энг асосийси, бу маҳсулотлар мамлакатимиз фуқаролари эҳтиёжини қондириши баробарида дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт ҳам қилинмоқда.
Рақамларга кўра, вилоят ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жорий йилнинг дастлабки уч ойи мобайнида қиймати 43 миллион 387 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинганининг ўзиёқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган маҳсулотларга хорижда ҳам талаб юқори эканини кўрсатади.
– Албатта, бу каби натижаларга эришишда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган тартиб-таомиллар муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Шербек Вахобов. – Хусусан, янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва маълум товарлар мустасно ҳолда тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, расмийлаштирилган банк кафолати ва экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқи берилганлиги ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ҳисобот даврида экспортга жўнатилган товарлардан саноат маҳсулотлари катта улушга эга бўлиб, товарлардан ип калава (16,5 миллион $), минерал ўғит (5,9 миллион $), пластмас ва ундан тайёрланган буюмлар (5,3 миллион $) кўрсаткич билан юқори ўрин эгаллади.
Юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда юртимиздаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг экспорт-импорт жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш учун барча шароит мавжуд. Уларнинг бу борадаги манфаатдорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор божхона имтиёзлари жорий қилинган. Мисол учун, маълум турдаги товар, бутловчи ва эҳтиёт қисм, агар улар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, уни импорт қилишда тадбиркорга енгиллик, яъни имтиёз тақдим этилади. Айтиш жоизки, воҳамиз ишбилармонлари бу қулайликдан ўз ўрнида фойдаланишмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь-март ойларида ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан амалга оширилган импорт учун божхона тўловлари бўйича 351,1 миллиард сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўллангани фикримизни тасдиқлайди.
Эътиборлиси, ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан барча божхона юк декларациялари электрон тарзда масофадан туриб расмийлаштирилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу рақам 5 минг 28 тани ташкил этди.
Умуман олганда, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш учун юртимизда яратилган кенг шароит ва имкониятлар, имтиёзлар соҳа ривожида муҳим ўрин тутиб, мамлакатимиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
11.04.2020