Зеро, сиёсий майдонга қадам қўйганда, у эндигина 24 ёшда бўлган. Мамлакат пароканда, маҳаллий-сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди. Жамиятда озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор доҳий зарур эди. Амир Темур ана шундай йўлбошчи сифатида тарих саҳнасига чиқди.
1370 йилда Балхда бўлиб ўтган қурултойда улуғ амир деб эълон қилинган Амир Темур, тарқоқликни бартараф этиб, ўлкаларни ягона давлатга бирлаштирди. Амударё билан Сирдарё оралиғи, Фарғона ва Шош вилоятлари, Марказий Осиё давлатлари, Ҳинд ва Гангадан Зарафшонгача, Тяньшандан то Босфоргача улкан салтанат барпо этди.
Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро I, Юлий Цезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди.
«Куч – адолатдадир» шиори соҳибқирон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган эди. Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд курраи заминда энг гўзал шаҳар сифатида чирой очди. Ўрта Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг яхши меъморлари тўпланган ушбу кентда жаҳон меъморчилигида янги йўналиш – Шарқона услуб пайдо бўлди.
Амир Темур, шунингдек, мамлакатда маънавиятнинг қўллаб-қувватланиши, юксалиши ва ўтмиш даврларнинг олий анъаналари тикланиши учун шарт-шароит яратди. Темурийлар сулоласи вакилларининг маънавият ва маданиятга алоҳида эътибори туфайли ХIV-ХVI асрларда юксак илмий ва ижодий ютуқларга эришилди.
Машҳур немис тарихчиси Ф. Шлоссер соҳибқирон ҳақида «Темурнинг давлатни бошқаришдаги донишмандлигига, унинг ахлоқи ва сиёсий принципларига қойил қолиш керак», деб ёзган эди.
Ҳеч қайси бир давлат сардорига бунчалар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмаган. Ҳеч бир Султон ўзининг адолати, халқпарварлиги билан бунчалар ном қолдирмаган эди. Ҳатто унинг ўзи ҳам «мен икки вазиримга доимо мени кузатиб туришини ва агар адолатсизлик қилсам дарҳол тўхтатишини, кимнингдир ёлғон сўзларига ишонсам ёки бегона кимсанинг йўлидан фойдаланадиган бўлсам, дарҳол мени огоҳлантиришларини таъкидлаб қўйдим», деган эди.
Н. Шомийнинг «Зафарнома» асарида эса Темурнинг қуйидаги ўгити келтирилади: «Ҳар ким нимани билса, бехавотир бизнинг арз – иззатгоҳимизга етказсин, ҳар нарсаки, мамлакат ислоҳи, унга алоқадор ва мазлумлар бошидан уларни даф этиш унга боғлиқ бўлса, у ҳақда бизга етказишда бепарволик қилмасин, эътиқод ва тўла ишонч билан очиқ кўрсатсин. Ростини айтсин, хушомад қилмасин, чунки менга тўғрилик ёқади».
Соҳибқироннинг ушбу ўгитлари ҳозирга қадар ҳам ўз кучини йўқотмаган. Зеро, буюкларнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам ҳамиша барҳаётдир.
9.04.2020