Шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши мумкин бўлган муайян ҳаракатни бошқа бир шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий қимматликлар олиб, мулкий манфаатдор бўлмаса, унинг тараққий этишига раҳна солувчи коррупция иллатига йўл қўйилмаса, бундай жамиятнинг ривожланиши муқаррар. Аксинча, коррупция устунлик қилиб, амалга ошириладиган ҳар бир ҳаракат негизида кимнингдир моддий маънавий манфаати бўлса, бу нафақат бир соҳа, балки бутун жамият, бутун бир мамлакатнинг таназзулига сабаб бўлиши турган гап.
Давлатимиз раҳбари коррупция иллатига қарши кураш масаласига ҳар доим катта урғу бериб келмоқдалар. Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида "Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир" деган эдилар. Шундай экан, технология асри ҳисобланмиш XXI асрда ҳар бир соҳа ва йўналишга рақамли технологияларнинг кенг татбиқ этилиши мамлакат ривожида катта таянч саналади.
Божхона соҳасида ҳам фаолият йўналишлари бўйича рақамли технологиялар кенг жорий этилган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун товарларнинг божхонада расмийлаштируви жараёнини электрон тарзда дастурлар орқали амалга ошириш имконияти яратилган. Товарларни "электрон декларациялаш", "Ягона дарча", "Божхона тўловлари ставкалари ва онлайн тўлов" ва бошқа бир қатор интерактив хизматларнинг таъсис этилганлиги бир вақтнинг ўзида фақатгина вақт тежамкорлиги ва иш самарадорлигини ошириб қолмасдан соҳада коррупциянинг олдини олишда ҳам муҳим омил сифатида хизмат қилади. Мазкур дастурлар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ортиқча вақт ва харажат сарф қилиб божхона органларига келиши ва божхона ходимлари билан бевосита мулоқотда бўлишларининг олдини олиб, коррупциянинг амалга оширилишига имкон қолдирмайди.
Шунингдек, мазкур дастурлар масофавий тарзда амалга оширилиш имкониятидан келиб чиқиб, дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси тарқалаётган ва унга қарши курашиш борасида эълон қилинган карантин шароитида ўзининг қулайлиги билан ҳам мамлакатнинг ташқи савдо айланмасининг узлуксиз амалга оширилишида таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
9.04.2020