Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташқи савдо айланмаси – иқтисодий барқарорлик асоси
1535
Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги, молиявий ўсиш суратлари кўп жиҳатдан унинг ташқи савдо айланмаси ҳамда жаҳон бозорларига интеграцияси даражаси билан белгиланади.

Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш баробарида, импортни оптималлаштириш, камбағалликни қисқартириш, ишлаб чиқариш ҳажмини жаҳон бозорларида харидоргир бўладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш эвазига ортишига тўла замин яратмоқда.

Дунё миқёсида жадал суратларда тарқалиб, инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус пандемияси шароитида божхона органларига зиммасига  юклатилган вазифаларни янада масъулият ва эҳтиёткорлик билан тезкор тартибда амалга оширишлари талаб этилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг биринчи чораги давомида божхона тўловларидан давлат бюджетига 41 млрд 66 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилди. Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан расмийлаштирилган товарларга йил бошидан жами 59 млрд 617 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган (Импорт божидан 23 млрд. 647 миллион, акциз солиғидан 1 млрд. 779 миллион, ҚҚСдан 34 млрд 190 миллион сум миқдорида имтиёзлар қўлланилган).

2020 йил январь-март ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 117,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди (товарлар экспорти 86,5 млн. АҚШ доллари, товарлар импорти (ташқи савдо айланмаси бўйича) 30,7 млн. АҚШ доллари миқдорида) Бу даврда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ТИФ постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи “Пластмассадан ясалган буюмлар (полиэтилен)”, “Ип калава”, “Калцийлаштирилган сода”, “Пахта толаси”, “Қизилмия экстракти” ва бошқа товарларга тўғри келса, импорт ҳажми асосини эса “Дастгоҳ ва асбоб-ускуналар”, “Ёғоч ва тахта маҳсулотлари”, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари”, “Кимё саноати маҳсулотлари”, “Минерал ўғитлар”, “Озиқ-овқат маҳсулотлари”  каби товарлар ташкил этади.

2020 йил бошидан 31 март оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида импортга расмийлаштирилган истеъмол товарлари 6,1 млн. АҚШ долларини ёки жами импорт ҳажмининг 19,9 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига (2019 йил – 6 млн.$, импорт ҳажмининг 9,8%) нисбатан 54,1 минг АҚШ долларига ёки 0,9 фоизга кўпайган.

Бошқармада йил бошидан жами 5 минг 344 дона БЮДлар расмийлаштирилган бўлиб, шулардан, 3 минг 686 донаси  экспортга расмийлаштирилган ва у жами БЮДларнинг 69 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич эса 2019 йилга (2 минг 880 дона) нисбатан 806 донага ёки 28,0% га кўпайганлигини кўрсатмоқда.

Импортга расмийлаштирилган БЮДлар сони 1 минг 658 донани ёки жами БЮДларнинг 31%ни ташкил этти. Бу кўрсаткич эса импортни оптималлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижасида  2019 йилга (3 минг 615 дона) нисбатан 1 минг 957 донага ёки 54,1%га камайганлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрь кунидаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармонига мувофиқ, божхонада Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилди. Унга кўра, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб, “сариқ” ва “қизил” йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб эса “яшил” йўлак ишга туширилди.

2020 йил январь-март ойларида хавфни бошқариш тизими асосида бошқармага қарашли ТИФ божхона постлари томонидан жами 5 346 та БЮД расмийлаштирилган бўлиб, улар йўлаклар бўйича таҳлил қилинганда, “Яшил” – 3 474 та (65%), “Сариқ” – 965 та (18,1%), “Қизил” - 907 та (17,0%) йўлак орқали расмийлаштирилган. Бундан кўриниб турибдики, божхона органларида хавфни бошқариш тизимининг жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг вақтлари ва ортиқча ҳаражатларининг тежалишига ҳамда иш самарадорлигининг ортишида катта омил бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида суриштирув ва маъмурий амалиётчилик соҳасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва божхона қонунбузилишига қарши самарали ишлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки,  йил бошидан жами 240 та ҳолатда 3 млрд 76 миллион сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Аниқланган божхона қонунбузилиш ҳолатларидан 6 та ҳолатда тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек,  Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан ҳисобот даври давомида жами 3 та ҳолатда 321,26 гр гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, психотроп моддаси ҳисобланувчи жами 220 дона таблетка манзилга етмасдан тўхтатилди.

Коронавирус пандемияси шароитида мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги, халқимизнинг чет давлатлардан келтириладиган маҳсулотларга бўлган талаби ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг таклифлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, шунингдек давлат бюджетига валюта келиб тушишида катта омил саналувчи маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига етказиб берилиши − экспорт импорт операцияларининг узлуксиз, тезкорлик билан, тўсиқларга учрамасдан амалга оширилишига бевосита боғлиқ. Ҳукуматимиз томонидан товарлар экспорти ва импорти учун чекловларнинг ўрнатилмаганлиги, божхона органлари томонидан товарларнинг расмийлаштируви кун-у тун режимида тезкорлик ва янада катта масъулият билан амалга оширилаётганлиги, шунингдек чегарага кириб келган товарларнинг санитар-эпидемиологик дезинфекцияланишига катта эътибор қаратилаётганлиги халқ фаровонлиги, эл тинчлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу йўналишдаги кенг кўламли чора-тадбирлар божхона органлари томонидан изчиллик билан давом эттирилади.

                     

9.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг