Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Эришилган натижалар сарҳисоби
1441
Бугунги кунда мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидаги ўрнини белгилашда биринчи навбатда унинг иқтисодиёти қай даражада тараққий топаётганлиги жуда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда бутун дунёга хавф солиб турган “коронавирус” пандемияси шароитида ҳам мамлакатимизнинг ташқи савдо кўрсаткичларининг барқарорлигини таъминлаш ғоят долзарб вазифалардан биридир.

Пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сурхондарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг I чораги давомида бошқарма тасарруфидаги божхона постларида жами 5077 та БЮДлар расмийлаштирилган. Божхона органларида хавфни бошқариш тизимининг жорий этилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни 22 дақиқага қадар қисқартиришга эришилди. Бундан ташқари БЮДларнинг 68 фоизи яшил ва сариқ йўлакларга тақсимланиши натижасида, ушбу декларациялар билан расмийлаштирилаётган товарлар божхона кўригидан озод этилган.

Ўз навбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар товарлар экспортида ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Хусусан, 2020 йилнинг I чорагида вилоятдан
29,7 млн.АҚШ долларига тенг маҳсулотлар чет давлатларга юборилиб, экспорт ҳажмини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 млн.АҚШ долларига ёки 45 фоизга оширишга эришилди.

Мазкур даврда асосан мева-сабзавот, озиқ-овқат, фармацевтика маҳсулотлари чет давлатларга юборилган. Таъкидлаш жоизки, Сурхондарёда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан 2019 йилнинг 1 чорагида 69 та корхона товарлар экспортини амалга оширган бўлса жорий йилда бундай тадбиркорлар сони 119 тага етди.

Вилоят импортида эса асосий улушни металл буюмлар, технологик асбоб-ускуналар, ҳайвонлар учун озуқалар ҳамда ёғоч-тахта маҳсулотлари эгаллаган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, божхона органларининг энг муҳим вазифалардан бири бу давлат бюджетига божхона тўловларини ундиришдир. Жорий йилнинг I чораги давомида бошқарма томонидан 55 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилган.

Шунингдек, олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, технологик асбоб-ускуналар ва бошқа турдаги товарларга нисбатан қарийб 81 млрд сўм имтиёзлар қўлланилган. Ҳозирда мамлакатимизда мавжуд эпидемиологик ҳолатни инобатга олсак, мазкур имтиёзларнинг тадбиркорлар фаолияти, қолаверса халқимиз фаровонлиги учун нақадар муҳим эканлиги эътиборга моликдир.

Республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ўз ваколат доирасида барча амалий ёрдамларни беришга ҳамда товарлар экспорти божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга ҳамиша тайёр.

9.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг