Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Пандемияга қарши ҳамжиҳатликда курашишимиз керак
1157
Бутун дунёни хавотирга солган короновирусдан азият чекаётганларнинг сони кундан кунга ортиб бормоқда. Биргаликда, ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини беришига умид билдирилмоқда.
Пандемияга қарши ҳамжиҳатликда курашишимиз керак

Мамлакатимизда ҳам короновирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хавфли вирус тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида эътирофга лойиқ тизимли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу ўринда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, халққа йўлланилаётган мурожаат ҳамжиҳатликда барчасини енга олишимизга ишонч бағишламоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида жорий йилнинг 31 декабрига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгилаб қўйилди. Мазкур Фармон билан коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар ҳам божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши маълум қилинди. Шунингдек, коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмаслиги ҳақида маълум қилинди.

Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни республикамиз ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизмини жорий этиш ҳамда карантин даврида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қўшича чора-тадбирлар белгиланди. Унга кўра, республикадаги карантин ҳолатида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббиёт ускуналари, гигиена воситалари каби товарлар билан узлуксиз таъминлаш учун уларнинг импортини тезкор равишда амалга оширишда бир қатор енгилликлар киритилди.

Жумладан битта шартнома доирасида олиб келинаётган ушбу турдаги товарларнинг соғлиққа зиён бўлмаслигини тасдиқловчи санитария СЭС хулосасини бир календарь йилига бериш;

товарни текширишдаги такрорланишнинг олдини олиш мақсадида СЭС хулосасига эга шундай товарларга мувофиқлик сертификати талаб қилмаслик тартиби жорий қилинди;

шунингдек, барча рухсатнома ҳужжатларини олиш учун интернет тармоғида “Ягона дарча” тизими орқали мурожаат қилиш механизми жорий қилинди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида коронавирус пандемиясига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида божхона расмийлаштируви тўхтовсиз давом эттирилмоқда. Шу билан бирга экспорт-импорт жараёнларининг барқарорлиги таъминланиб аввалгидек ҳеч қандай чекловларсиз фаолият юритилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2020 йилнинг биринчи чорак даври мобайнида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали хориждан келтирилган салкам 134 млн.  АҚШ доллари қийматидаги 271,1 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари импорт божхона режимида расмийлаштирилди.

Шунингдек, ушбу давр мобайнида хорижий давлатларга 246,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги салкам 186 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилди.

Пандемия шароитида божхона органлари ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис этиб, санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш, божхона қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, божхона тўловларини давлат бюджетига ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш  каби вазифаларни бажариб келишмоқда.

Шу ўринда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли  “Ишонч телефони”га ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг (71)120-76-76 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

8.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг