Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мамлакатимиз жанубидаги “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жараёнлар қизғин
1840
Бутун дунёни ларзага солаётган “коронавирус” пандемияси бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бундай шароитда эса энг асосий вазифалардан бири бу – товарлар экспорт-импортини қўллаб-қувватлаш орқали республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашдир.
Мамлакатимиз жанубидаги “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жараёнлар қизғин

Хусусан, карантин шароитида ҳам мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида божхона органларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам куну-тун товарларнинг божхона расмийлаштируви йўлга қўйилган.

Мазкур божхона постида хизмат қилаётган ходимлар хавфсизлиги ва коронавирус инфекцияси кириб келишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиология назорат ўтказиш пунктлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, божхона ходимлари махсус тиббий комбинзонлар билан таъминланган.

Ташқи иқтисодий фаолият божхона пости Афғонистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида Амударё орқали юк ташувида сув транспорти ва уларда ташилаётган товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга ихтисослаштирилган бўлиб, ҳозирда аҳолининг энг муҳим зарурий ва бирламчи товарлари бўлган картошка, шакар, гуруч, саримсоқ пиёз каби маҳсулотлар тез фурсатларда ички бозорларга етказиб берилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 751 тонна картошка, 112 тонна гуруч, 10 тонна саримсоқпиёз маҳсулотлари қисқа муддатларда “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилиб, ички бозорларга тарқатилди.

Бундан ташқари, мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 3 апрелида қабул қилинган ПФ-5978 сон Фармонга асосан, яна 20 турдаги товарлар (13 турдаги озиқ-овқат, 7 турдаги гигиена маҳсулотлари) импортига 2020 йилнинг сўнгига қадар божхона божи ва акциз солиғидан имтиёзлар жорий этилди.

Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар вужудга келмайди. Биздан талаб этилаётгани эса ўзимиз ва ўзгаларнинг соғлиғига бефарқ бўлмасдан, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, холос.

7.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг