Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт-импорт жараёнлари узлуксиз давом этмоқда
894
Бугунги кунда пандемияга қарши кураш дунё ҳамжамияти олдида турган долзарб вазифага айланиб улгурди. Пандемия муносабати билан юртимизда эълон қилинган карантин доирасида қатор чекловлар татбиқ қилинди.

Шундай бўлсада, божхона органлари томонидан экспорт-импорт операцияларини янада жадаллаштириш, савдо операцияларига бўлаётган тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг сабаби битта – юртимиз аҳолисини карантин вақтида хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишидаги узилишларга йўл қўймасликдир.

Божхона органларининг асосий вазифаси юртимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Шундай экан, давлат бюджетига ундириладиган қатор тўловлар юртимиз аҳолисини карантин вақтида ижтимоий муҳофазаси – пенсия ва нафақалар, стипендия ва бюджетдан ойлик оладиган ташкилот ходимлари учун сарф этилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтган уч ой мобайнида Давлат бюджетига 4,8 триллион сўм ундирилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига 8,7 триллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Шу билан бирга божхона процедураларини соддалаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида расмийлаштирув жараёнлари вақтини янада қисқартириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган 3 ой давомида экспорт божхона расмийлаштирувига ўртача 53 дақиқа сарфланган бўлса, импорт божхона режимига расмийлаштириш 3 соату 36 дақиқани талаб этган.

Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши кураш борасида ҳам тизимли равишда ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг чорагида 3557 ҳолатда 69,1 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган товар-моддий бойликларини ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Шунингдек, 110 та ҳолатда 21,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 17 ҳолатда 1551 дона психотроп моддалар ва 11 та ҳолатда қурол-яроғ контрабандаси каби қатор қонунбузарлик ҳолатлари божхона органлари томонидан фош этилди.

Божхона органлари таркибидаги чегара постлар ва ташқи иқтисодий фаолият постлари замонавий техникалар билан мунтазам таъминланиб, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари кенг жалб этилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 52 та ахборот тизими ва 17 та интерактив хизматлар божхоначилар иш фаолиятига татбиқ этилди.

Бугунги пандемияга қарши курашда божхона органлари ўзларининг фидойиликлари билан ҳисса қўшишмоқда. Кундалик эҳтиёжимиз талаб этадиган маиший буюмлар ва озиқ овқат маҳсулотлари, шу билан бирга дори-дармон воситаларининг расмийлаштирилиши бир дақиқага ҳам тўхтаб қолишига йўл қўйилмайди. Зеро, бу бугунги кундаги масъулиятли даврда божхоначилар олдида турган асосий вазифа ҳисобланади.

Жавоҳир Караматов

ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори

7.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг