Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Иқтисодий тараққиёт йўлида
1264
Бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бири бу шубҳасиз коронавирус пандемиясига қарши кураш, уни янада кенг тарқалишининг олдини олишдир.

Бундай қалтис дамларда божхона ходимларига ҳам улкан масъулият юкланиши шубҳасиз. Боиси ташқи савдо юкларининг санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш, мавжуд эпидемиологик вазиятда божхона қонунбузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, шунингдек давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш ҳар қачонгиданда муҳим ҳисобланади.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам бир қатор ишлар амaлга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг
1 чораги давомида вилоят ҳудудида жойлашган божхона постларида 3576 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди. Экспортга расмийлаштирилган божхона юк декларациялари эса 731 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 145 тага ёки 25 фоизга ортди.

Божхона органларида хавфни бошқариш тизими жорий этилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт ҳам қисқаришига эришилди.

Мазкур даврда бошқарма томонидан 200 млрд. сўм божхона тўловлари ундирилиб, Давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди. Натижада, ундирилган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 94,6 млрд. сўмга ёки 90 фоизга кўпайди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 292 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди. Имтиёз қўлланилиши натижасида тежалган маблағлар эса тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, бўш иш ўринларини яратиш ҳамда янги бизнес лойиҳаларни ўзлаштиришга сарфланди.

Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланиб, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашади ҳамда унинг олдини олади. Қайд этиш лозимки, бу йўналишда ҳам бошқарма томонидан тизимли ишлар олиб борилиши натижасида 5 млрд. 380 млн. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларининг ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилди.

Шу билан бир қаторда 345 грамм гиёҳвандлик воситалари, 2 дона ўқотар қуроллар, 13 дона ўқдорилар, 46 дона психотроп таблеткалар ашёвий далил сифатида олинди.

Ўз навбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар товарлар экспортида ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Хусусан, 2020 йилнинг 1 чорагида вилоятда фаолият юритувчи корхоналар томонидан 93,8 млн. АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 млн. АҚШ долари ёки 15 фоизга кўпайди.

Мазкур даврда Навоий вилоятидан асосан табиий қазилмалар, мева-сабзавот маҳсулотлари, калава ип ҳамда металл буюмлар хорижга экспорт қилинган.

Бошқарма томонидан 2020 йилнинг 2 чорагида ҳам амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, шунингдек коронавирус эпидемияси шароитида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, улар ижроси изчил равишда таъминлаб келинмоқда.

7.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг