Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Дори-дармонлар импорти тўхтамайди
778
Карантинга қарши чекловлар даврида аҳолига фақат энг яқин озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарга чиқишлари тавсия этилмоқда. Бу эса марказдан тортиб энг чекка ҳудудлардаги дорихоналарнинг барчаси энг зарурий дори-дармонлар билан таъминланган бўлишини тақозо этади. Бунинг учун эса табиийки, дори-дармонлар, айниқса четдан келтириладиган дори-дармонлар импорти ўз вақтида ва тезкорлик билан амалга оширилиши лозим.
Дори-дармонлар импорти тўхтамайди

Коронавирусга қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида аҳолини бирламчи ва зарурий дори-дармонлар билан ўз вақтида таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, дори-дармонлар нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик вужудга келтириш оқибатида юқори талаб ҳосил бўлишига йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Республикамиз ҳудудида коронавирус тарқалиши ҳамда аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида жорий қилинган чекловлар юк автомобиллари, темир йўл, дарё транспортларида ташилаётган ташқи савдо юкларига тааллуқли эмас. Демакки, дори-дармонлар импортида ҳам узилишлар рўй бермайди.

Дори-дармонларнинг божхона расмийлаштирувини қисқа муддатларда амалга ошириш учун бир қатор қулайликлар жорий қилинди. Масалан, битта шартнома доирасида четдан олиб келинаётган дори-дармонлар учун санитария-эпедиомология хулосаси бир календарь йилига берилади.

Энг муҳими барча рухсатнома хужжатларини олиш учун интернет тармоғидаги “Ягона дарча” божхона тизими орқали мурожаат қилиш имконият мавжуд.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материалларва субстанциялар божхона тўловларидан озод этилиши белгиланди.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 15 мартидан 1 апрелга қадар республикамизга четдан қиймати 33.2 млн. АҚШ долларига тенг 1.1 минг тоннадан зиёд дори-дармонлар келтирилган. Бу жараёнда эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларидан 58,3 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

Яна бир жиҳат - коронавирусга қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида истисно тариқасида, Республика махсус комиссиясигаайрим тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларга уч ойгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз амал қилиши тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Бир сўз билан айтганда давлат божхона қўмитасининг республикамиз бўйлаб барча ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида товарларнинг, хусусан дори-дармонларнинг божхона расмийлаштируви узлуксиз давом этмоқда.

Табиийки, буларнинг барчаси аҳолининг, юртдошларимизнинг саломатилиги учун! Бугунги сокин кўчаларнинг яна файзга тўлиши эса ўзимизнинг қўлимизда. Ўзингизни ва яқинларингизни асраш учун ҳам ҳозирча уйда қолинг!

3.04.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг