Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 176-сон қарорига мувофиқ, божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона божлари ундирилмаслиги назарда тутилди.
Чет давлатлардан олиб кириладиган айрим турдаги товарларнинг божхонада расмийлаштирувида имтиёзлар тақдим этилиши белгиланган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 мартдаги “Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4662-сон Қарори билан давом эттирилмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига шундай ҳуқуқ берилдики, унга кўра, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарор асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 февралдаги «Тайёр дори воситаларининг импортини тартибга солиш тўғрисида»ги 49-сон қарори билан тасдиқланган импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз татбиқ этилмайдиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирадиган айрим тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларнинг Ўзбекистон Республикасига импорти амалга оширилганда уч ойгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз берилади. Шунингдек, мазкур қарор билан Республика махсус комиссияси томонидан айрим турдаги энг зарур товарлар рўйхати шакллантирилиши ва уларни импорт қилишда уч ойгача бўлган муддатга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини 0 фоизгача камайтириш ҳуқуқлари белгиланган.
Бу каби тақдим этилаётган имтиёзлар бугунгидек бутун дунёда кузатилаётган эпидемиологик шароитда халқимизга барча зарур дори воситалари, тиббий буюмлар ҳамда озиқ-овқат ва истеъмол товарларини узлуксиз етказиб бериш, давлатимиз экспорт салоҳияти, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга қаратилгандир.
Шундай экан, ортиқча хавотирга тушмасдан сиз ҳозирча уйда қолинг.
2.04.2020