Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташқи савдо операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда
1339
Жойларда халқ дардини тинглаш, уларни қийнаб келаётган муаммолардан хабардор бўлиш, бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси иштирок этди.
Ташқи савдо операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда

Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев ва бир гуруҳ ходимлар қатнашишди.

Дастлаб бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев тизимдаги ислоҳотлар, бошқарманинг фаолияти тўғрисида ҳамда ўтган галдаги “Очиқ мулоқот” кўрсатувида келиб тушган мурожаатларнинг ижроси тўғрисида ахборот бериб ўтди.

Кўрсатув давомида фуқаролардан асосан коронавирусга доир чекловлар ташқи савдо операцияларининг узлуксиз амалга оширилишига таъсири, товарлар экспорт-импорти ҳақида, божхона органларига ишга кириш тартиби, хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида ундириладиган божхона тўловлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида импорт товарларни қисқартиришда божхона органининг роли тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.

Таъкидландики, 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Мазкур чеклов ташқи савдо юклари, хусусан, юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида ҳаракатига таъсир кўрсатмайди.

Айни пайтда вилоятнинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида одатдагидек иш фаолияти гавжум тарзда давом этмоқда. Товарларнинг экспорт ва импорти билан боғлиқ божхона процедуралари ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг январь-февраль ойларида вилоят бўйлаб, божхоначилар хориждан келтирилган 2,8 минг АҚШ доллари қийматидаги 1,7 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотларини импорт божхона режимига расмийлаштиришди.  

Вилоятдан эса жорий йилнинг январь-февраль ойларида хорижий давлатларга 26,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги 48,6 минг тоннадан ортиқ товарлар экспорт қилинган.

Шунингдек, соҳада хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ режимда жорий этилиши билан 2020 йил январь-февраль ойлари давомида ТИФ божхона постлари томонидан расмийлаштирилган БЮДлар “Хавфни бошқариш тизими” қўлланилган ҳолда “қизил” йўлак – 29 %, “сариқ” йўлак – 45 %, “яшил” йўлак – 26%, “кўк” йўлак – 0% ни ташкил этган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий этилмасдан аввал божхона ходими томонидан божхона расмийлаштируви жараёни уч иш куни ичида амалга оширилган бўлса, эндиликда тадбиркорларнинг вақти тежалиб, ушбу жараён маълум бир дақиқаларда амалга оширилмоқда.

Божхона қонунбузилишлари борасида 2020 йил 1 январдан 29 февралга қадар бошқарма томонидан жами 165 та ҳолат аниқланиб, улар бўйича 608,1 млн. сўмлик товарлар ушлаб қолинган.

Ўтган 2019 йил давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармасига жами 110 та ҳамда 2020 йил январь-февраль ойларида эса 16 та юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёзма мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг барчаси белигиланган муддатларда ижрочилар томонидан кўриб чиқилиши таъминланган.

Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари бугунги кунда хориждан келаётган ва хорижга жўнатилаётган юклар билан боғлиқ маълум муаммолар юзага келганда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси томонидан “Call-center” ташкил этилган. Ушбу “Call-center” 24 соат давомида тадбикорларимизга хизмат кўрсатмоқда.

 

28.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг