Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ташқи савдо операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда
1148
Маълумки, дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус пандемиясининг юртимиз ҳудудида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида давлатимиз чегаралари орқали фуқаролар ҳаракатига айрим чекловлар жорий этилди. Мазкур чекловлар халқаро юк ташишларга татбиқ этилмаслиги ҳам ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган эди.
Ташқи савдо операциялари узлуксиз амалга оширилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги жами 3та ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида бугунги кунда ҳам иш жадал суръатларда давом этмоқда. Мазкур божхона постларида тадбиркорлик субъектлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда яқиндан ёрдам бериб, узлуксиз божхона расмийлаштируви таъминланмоқда.

Хусусан, давлатимиз чегаралари орқали фуқароларнинг ҳаракатланишига айрим чекловлар ўрнатилган  2020 йил 16 март кунидан бошлаб 25 март оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали оғирлиги 14 369 тонна, қиймати эса 9 миллион  513 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.  Ҳудуддаги асосий экспортёрлар МЧЖ шаклидаги “Uz-KoR Gas Chemical” ҚК, “Uzkimyoimpeks” МЧЖ, “Karakalpak aral travel” МЧЖ, “Amudaryotex” МЧЖ, “Kanteks invest” ҳисобланади.  

Товарлар экспорти асосан Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Латвия ва Украина каби давлатларига амалга оширилган. Экспорт қилинган асосий товарлар қаторида полиэтилен, ип калава, қизилмия илдизи ва қизилмия илдизи экстрактини кўриш мумкин.

Давлатимизда эълон қилинган “Карантин” шароитида ҳам тадбиркорлик субъектлари ўз иш фаолиятларини тўсиқ ва чекловларсиз амалга оширишларида яратилган қулайликлардан самарали фойдаланиб келишмоқда. Мисол тариқасида, биргина МЧЖ шаклидаги “Uz-KoR Gas Chemical”ни олиб қарасак, ушбу ташкилот, “карантин” давридаги ўткан 10 кун мобайнида оғирлиги 10 405 тонна, қиймати эса 6 миллион  988 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар экспортини амалга оширган.

Товарлар импорти.  2020 йил 16 март кунидан 25 март кунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси орқали жами 37 та тадбиркорлик субъектлари томонидан Россия, Хитой, Латвия, Қозоғистон каби жами 11 та давлатдан  оғирлиги 5 334 тонна, қиймати эса 2 миллион 656 минг АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотлар импорти амалга оширилган.

Импорт қилинган товарларнинг асосий қисми қаторида иссиқхона контрукциялари, нефть маҳсулотлари, ёғоч-тахта, технологик асбоб-ускуна ҳамда буғдой маҳсулотларига тўғри келади.

2020 йилнинг 16-25 март кунлари мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан оғирлиги 94 тонна, қиймати эса 97 минг 380 АҚШ долларига тенг бўлган балиқ, маргарин, сут ва сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортга расмийлаштирилган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти асосан Россия, Латвия, Бельгия ва Қозоғистон каби давлатлардан амалга оширилган.

Шунингдек, айтиб ўтиш жоизки, товарлар импортини амалга ошириш жараёнида чегара божхона постларида ташкил этилган божхона санитар-карантин пунктлари томонидан мамлакатимиз ҳудудига чет давлатлардан кириб келган товарлар дезинфекция қилиниб, ҳимоя кийимларидан фойдаланган ҳолда божхона назоратидан ўтказилиши амалга оширилмоқда.

Бундай синовли кунларда давлатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашда,  халқимизга зарур  истеъмол товарларини етказиб берилишида божхона органлари олдига қўйилган вазифалар соҳа ходимлари томонидан янада масъулият ва шижоат билан сидқидилдан бажарилишига эришилмоқда.

 

 

26.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг