Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости асосан, Қарши шаҳар ва яқин туманларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорларга божхона хизматини амалга оширади. Жорий йилнинг ўтган даврида божхона пости томонидан қиймати 72,6 миллион АҚШ долларилик экспорт ва импорт товарлар божхона расмийлаштируви амалга оширилди.
Айни кунда ҳам мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, воҳада етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини пешма-пеш экспортга расмийлаштириш билан банд.
Куни кеча Қарши туманида фаолият юритаётган “Муртоз бобо” фермер хўжалиги томонидан 5 партиядаги 112 тонна карам маҳсулотлари Россия Федерациясига қисқа муддатларда экспортга расмийлаштирилди.
Рақамларга кўра, божхона пости томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 2369 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, карам, гулкарам, кўкатлар ва бошқа маҳсулотлар қўшни ва Европа давлатларига экспортга жўнатилди. Бу борада экспортёрлардан “One export centre”, “Бобурбек Муртозаев”, “Муртоз бобо” ва “Шўртан агро транс” каби экспортёр корхоналар фаоллик кўрсатишмоқда.
26.03.2020