Айни пайтда хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилган.
Лекин, турли сабабларга кўра юртимиздан ташқарида қолган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари кириб келиши давом этмоқда. Улар 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олинади.
Ушбу шахслар билан чегарада энг аввало божхона ходимлари юзма-юз келишини инобатга олсак, божхоначиларнинг махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланиши нафақат уларнинг саломатликларини асрашга, балки коронавирус ёйилишининг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Биргина “Ғишткўприк” чегара-божхона постида 24-25 март кунлари 2922 нафар юртдошларимиз тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказилди.
Кучайтирилган тартиб даврида юртдошларимизнинг бирламчи истеъмол товарлари хусусан озиқ овқат маҳсулотларига бўлган табий эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш ҳамда тақчилликни юзага келтирмаслик учун барча имкониятлар сафарбар этилган.
Бу эса ташқи савдо юклари ҳарақатининг узлуксиз амалга оширилишини тақозо этади. Демакки, бундай шароитда айрим соҳалар қатори ташқи иқтисодий фаолият божхона постларидаги фаолият ҳам тўхтовсиз давом этмоқда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармонига биноан Давлат божхона қўмитасида ва унинг ҳудудий бошқармаларида ташкил қилинган юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штабларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Масалан, кундалик овқатланиш рационида муҳим ўрин тутувчи картошканинг бозордаги нархини мўътадил ушлаб турилишида бу турдаги маҳсулотларнинг ички бозорларга узлуксиз етказиб берилиши муҳими ўрин тутади.
Пойтахтимизнинг биргина “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият постида кунига четдан келтирилган 2 минг 800 тоннага яқин картошка тезкорлик билан божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиб, ички бозорларга йўналтирилмоқда. Биз тасвирга олишга борган куни ҳам бу ерда четдан келтирилган 960 тонна картошканинг божхона расмийлаштируви қисқа мудатларда амалга оширилаётган экан.
Мавзуга қуруқ чой мисолида ҳам ёндошиш мумкин. пойтахтимизнинг Олмазор туманидаган божхона омборларидан бири бўлганимизда, бу ерда шу кеча-кундузда 1.5 минг тоннадан ортиқ қуруқ чой сақланаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, тез кунларда яна шунча миқдордаги маҳсулотнинг келиши кутилмоқда. 25 март куни бу ердан республикамизнинг олис ҳудудларидан билан Хоразм вилоятига 25 тонна қуруқ чой юборилаётган экан.
Рақамларга мурожаат қилсак, сўнгги 10 кун (15-24 март) давомида республикамиз бўйлаб, давлат божхона хизмати органлари хориждан келтирилган 18,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги 50,2 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотларини импорт божхона режимига расмийлаштиришди.
Республикамиздан эса 15-24 март кунлари хорижий давлатларга 140 млн. АҚШ доллари қийматидаги 150 минг тоннадан ортиқ товарлар экспорт қилинди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб даврида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини юбориш ва қабул қилиш ҳам узлуксиз давом этади.
Тошкент шаҳридаги “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ходимлар одатдагидек, лекин махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда хизматни олиб боришмоқда. Бу ерда халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилади.
Почта жўнатмалари ва уларни жўнатиш санитария-эпидемиология стандартларига мувофиқ амалга оширилади, шунинг учун қабул қилувчиларни ташвишга соладиган ҳеч қандай сабаб йўқ.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 15-25 март кунлари “Бош почтамт” божхона постида салкам 173 тонна оғирликдаги 37 минг донадан ортиқ халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилди.
Ҳа, бугунги давр барчамиздан пандемияга қарши муросасиз курашни тақозо этмоқда. Кимдир хизматда, кимдир уйида қолиб, бу курашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Давлат божхона хизмати органлари учун эса бугунги кунлар янада маъсулиятли. Халқимиз бу офатни албатта енгади. Бунинг учун салоҳият, қудрат ва энг муҳими ишонч мустаҳкам. Сиз ҳам бунда ҳисса қўшмоқчимиз? Унда ҳозирча уйда қолинг.
Ҳусан Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори
26.03.2020