Масалан, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали илгари ўртача 500-1000 нафар жисмоний шахслар ҳаракатланган бўлиб, уларнинг аксариятини қўшни ёки чет давлат фуқаролари ташкил қилган, холос. Эндиликда бу кўрсаткич бир неча баробар ошиб, икки қардош халқнинг ўзаро борди-келдиси кўпайди.
Фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида божхона тартиб-таомилларида ҳам туб бурилишлар содир бўлди. Қўшни давлатлардан товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари бир неча баробар оширилди.
Аммо, шунга қарамай айрим юртдошларимизнинг берилаётган имтиёз ва имкониятларни суистъемол қилишга уринишини қандай баҳолаш мумкин? Тўқликка шўхликми?
Яқинда мазкур чегара божхона пости ҳамда Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Х.Д. га тегишли бўлган қўл ва бошқа юкларини рентген аппарати ёрдамида божхона кўригидан ўтказишганида, навбатдаги божхона қоидабузарлигини фош этишди.
Қарангки, ушбу шахс қўл юклари орасига яширилган 1 литрли хажмдаги елим идишда 6,3 кг сочма ўқлар (дробь) ни қонунга хилоф равишда олиб кирмоқчи бўлган экан.
Эслатиб ўтамиз, мазкур пост ходимлари томонидан бир неча ой муқаддам пневматик қурол олиб ўтилишига ҳам чек қўйилган эди. Бу гал эса тўхтатиб қолинган сочма ўқлар ов қуроли учун мўлжаллангани билан ҳам хавфлидир. Хўш, вазият шу зайлда кетаверса, қонунбузарлар кейинги гал яна нималарни олиб ўтишга уринишаркин?
Ҳозирда ушбу холат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мақола сўнггида сарлавҳага чиқарилган саволни яна бир карра ўртага ташлар эканмиз, хулоса чиқаришни ўзингизга ҳавола қиламиз.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
26.08.2018