Жумладан, юртимизда ҳам мазкур вируснинг қайд қилинганидан сўнг, жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Бироқ, ушбу чеклов Ўзбекистон Республикасидан товарлар экспорти ёки мамлакатга товарлар импортини тўхтатилишини назарда тутмаган. Шу сабабли озиқ овқат етишмовчилиги юзага келиши борасидаги айрим фикр мулоҳазалар ўринсиздир.
Мазкур масала юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан зудлик билан баёнот берилди. Яъни, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари, хусусан юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида ҳаракатига таъсир кўрсатмайди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда республикамиз бўйлаб товарлар экспорти ва импорти аввалгидек жадал, тун-у кун амалга оширилмоқда.
2020 йил 19 мартда Юртбошимиз томонидан имзоланган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонда ҳам икки ҳафта муддатда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш орқали ишга солинмаган заҳираларни излаб топиш, ҳисобланган солиқлар тўлиқ тўланишини таъминлаш, “яширин” иқтисодиётни қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигининг янги самарали шаклларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Транспорт вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан биргаликда:
➡юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштирувини, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини таъминлаш бўйича тезкор штаб ташкил этилади;
➡2020 йил 1 апрелдан бошлаб, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг тезкор тартибда, шу жумладан, рухсат берувчи ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келгунга қадар бериш орқали божхона расмийлаштируви механизми жорий этилиши белгиланди.
Фармонда белгиланган вазифалар эса жаҳон пандемия даврида мамлакатимиз иқтисодиётига ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш ҳамда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Мазкур вазифаларни бажаришда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ҳам ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.
Бошқарманинг 4 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 24 соат давомида товарларни экспорт ва импортга расмийлаштирув жараёнлари олиб борилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 20 март кунида вилоятга келтирилган 1 миллион АҚШ доллардан зиёд товарлар импорти ва 1,5 миллион АҚШ долларига яқин товарлар экспорти тез фурсатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказилди. Импорт товарларининг асосий қисми гуруч, картошка, мандарин маҳсулотлари ва иссиқхона асбоб ускунларини ташкил қилган бўлса, экспорт эса цемент, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа товарлардан иборат.
Хулоса қилишимиз мумкинки, четдан келтириладиган истеъмол товарлари, хусусан бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг импортида узилишлар йўқ ва шу сабабли ички бозорда уларнинг танқислиги кузатилмайди деб ишонч билан айта оламиз.
Биз эса бундай пайтларда янада жипслашиб, ваҳима ва саросимага берилмасдан карантин талабларига риоя қилишимиз зарур.
22.03.2020