Қирғизистон Республикаси Баткен вилояти Кызыл-Кыя шаҳар мэрияси кичик залида Фарғона вилояти божхона бошқармасининг ходимларидан ташкил топган делегация аъзолари ҳамда Баткен вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Эркимбаев Темиркан Болотканович бошчилигидаги Қирғизистон Республикаси делегацияси ўртасидаги учрашувда икки давлат божхона хизматлари ўртасида уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айлануви ва халқаро терроризмга қарши курашиш ҳамда чегара масалалари бўйича ҳамкорликни янада такомиллаштириш масаласида музокаралар бўлиб ўтди
Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикасининг очиқ дўстона сиёсат олиб бориши сабабли қўшни мамлакат ўртасида яқин қўшничилик ва иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиши ортидан ўзаро товар айланмаси тобора ошиб бораётганлиги боис чегара-божхона постига туташ жойларда юк автомашиналарининг тирбандлиги юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни ўрганиш ва бартараф этишга қаратилди.
Бундан ташқари, икки давлат божхона органлари ходимлари ўртасида спорт тадбирлари, турли мусобақаларни биргаликда ўтказиш ҳамда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш алоҳида эътиборга олинди.
Тадбир сўнгида икки мамлакат божхона органлари бошқарма бошлиқлари соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама ишчи учрашув баённомасини имзолашди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, икки давлатларнинг қўшни вилоятлари божхона органлари ўртасида бундай дўстона учрашув илк маротаба мустақил равишда ташкил этилмоқда.
Ўйлаймизки, ишчи гуруҳлар томонидан келишилган масалалар фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулайликлар яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фарғона вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
25.08.2018