Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонанинг Гулиси (очерк)
2024
Ҳозиргина қувончли хабар тарқалди. Муҳтарам Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона пости катта инспектори Бобоқулова Гули Ражабовна «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
Божхонанинг Гулиси (очерк)

Ҳа, бугунги кунда жамиятнинг қайси жабҳасига қараманг, хотин-қизлар эркаклар билан тенгма-тенг, елкама елка фаолият олиб бораётганликларини кўриш мумкин. Бу эса юртимизда аёлларни қадрлаш, уларга иззат-эҳтиром кўрсатиш нафақат миллатимизга хос қадрият, балки давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланганлигининг яққол ифодасидир.

Шу боис, оила ташвишларидан ортиб, юрт корига камарбаста бўлаётган аёлларни ҳар қанча улуғласак кам. Айниқса, мамлакат тинчлиги ва осойишталигини кўриқлаш, ҳудудимизга олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган товар-моддий бойликлар қонунийлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган мард ва жасур йигитларимиз билан бир сафда матонатли, оташқалб хотин-қизларимизнинг ҳам борлиги таҳсинга лойиқ.

Шундайлардан бири шубҳасиз, Гули Бобокуловадир.

Бухоро шаҳридаги туғилиб вояга етган Гулининг бу даражага етиши осон бўлгани йўқ, албатта. Ўрта мактабни аъло баҳоларда битирган қаҳрамонимиз Бухоро Давлат Университетинининг тарих факультетига ўқишга кирди.

Олий таълим даргоҳида у ўзининг билими, иқтидори билан тенгдошлари орасида обрў-эътибор қозонгани баробарида устозлари назарига тушди. Шу боис бўлса керак, 1995 йилда университетни имтиёзли диплом билан тамомлаган Гулини аспирантурада олиб қолишди.

Ўша йили ёш тадқиқотчи “Ўзбекистон тарихи ва сиёсатшунослик” кафедраси ўқитувчиси сифатида талабаларга сабоқ бера бошлади. Ўзи севган мутахассисликни эгаллаган қизнинг олдида янада улкан мақсадлар турар, бў йўлда эса сабот билан меҳнат қилишга тайёр эди.

Шу тариқа қаҳрамонимиз 2001 йил март ойидан вилоят божхона бошқармасининг Божхона назоратини ташкил этиш бўлими инспектори вазифасига тайинланди.

Мана, орадан ўтган ўн тўққиз йилдан ошиқроқ вақт мобайнида, тўғрироғи шахсий таркиб зобити сифатида божхона хизмати майори унвони берилгунига қадар Гули опа турли лавозимларда ишлаб касб сирларини пухта ўзлаштирди.

Вилоятимиз чегаралари орқали мамлакатимизга олиб кирилаётган ва ҳудуддан олиб чиқилаётган моддий қимматдаги товарларни қонун талаби доирасида расмийлаштиришни ўрганди. Соҳа фаолиятинги оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишда ҳам бир неча йиллар ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Ҳар қанча заҳматли бўлмасин, отасининг изидан боришга қарор қилган ва бунинг уддасидан чиқиб, муайян муваффақиятларни қўлга киритаётган божхона хизмати майори Гули Бобокулованинг давлат мукофоти билан тақдирлангани аслида божхона тизимида хизмат олиб бораётган барча аёлларимиз учун муносиб эътироф бўлди.

Мукофотлар муборак бўлсин!

7.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг