Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Рақамли божхона – иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
2090
Ҳозирги кунда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини либераллаштириш ва кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиш, миллий маҳсулотларимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиш борасида иқтисодиётимизда, хусусан божхона тизимида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда. Кўзланган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши асосан божхона органлари фаолияти самарадорлигига боғлиқдир.
Рақамли божхона – иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили

Божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишда замонавий рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш орқали “рақамли божхона”ни ташкил этиш замон талабларидан бири ҳисобланади.

Маълумки, 2016 йил Бутунжаҳон  божхона ташкилоти томонидан “Рақамли божхона йили” деб эълон қилинган эди. Шу ўринда табиий савол туғилиши мумкин. Рақамли божхона тизими ўзи нима?

Рақамли божхона бу, ахборот - коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, маълумотлар базаси, гипералоқа, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда электрон божхона технологиялари орқали маълумотларни қайта ишлаш (Big data), телематика (информатиканинг бир қисми бўлиб, маълумотлар йиғиндиси, масофадан бошқариш ва масофадан назорат қилиш), булутли технологиялар, транспорт телематикаси (транспортларни спутник орқали мониторингқилиш) демакдир. Рақамли сўзининг туб маъносида автоматлаштириш, соҳада ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ётади. Электрон божхона дастлабки босқични англатса, рақамли божхона эса, кейинги босқични англатади. Худди электрон иқтисоддан рақамли иқтисодиётга ўтиш сингари. Рақамли божхона термини эса “қоғозсиз божхона” ва “электрон божхона”ларнинг мантиқий давомидир. “Қоғозсиз божхона” термини биринчи марта Кунио Микуриянинг 2008 йилдаги “Халқаро қоғозсиз муҳит – ташаббусларнинг мураккаб спектридаги мувофиқлик”даги маърузасида таъкидлаб ўтилган. Ушбу атама рақамли иқтисодиётнинг бир кўринишидир.

Бутунжаҳон божхона ташкилотининг маълумотларига кўра, рақамли божхона қуйидаги элементларни ўз ичига олади:

  • 24/7 тамойили асосида божхонани автоматлаштириш;
  • божхона тўловларини электрон тўлаш – божхона картасини жорий қилиш асосида;
  • электрон калькулятор – интеграциялашган тариф интерактив хизмати бунга мисол бўла олади;
  • ТИФ субъектлари учун мобил хизматлар – божхона чегараси орқали ҳаракатланадиган жисмоний шахслар учун қулайликлар яратиш мақсадида, олиб кириш нормасидан ортиқча товарларга улар томонидан олдиндан тақдим этилган маълумотлар асосида божхона тўловларини ҳисоблаш (шу жумладан тўлаш) бўйича интерактив хизмат турини жорий қилиш;
  • товарларни ва уларга тўланган божхона тўловларини электрон қайтариш;
  • савдо оператори ҳудудида кўрик ва бошқа текширувларни амалга ошириш;
  • божхона мақсадлари учун ҳужжатларни соддалаштириш ва электрон қайта ишлаш;
  • халқаро почта жўнатмаларида жўнатилаётган товарлар учун CN22 ва CN23 декларацияларини электрон версиясини жорий этиш;
  • электрон божхона расмийлаштируви тизими (айрим илова ҳужжатларни сканер шаклдан электрон шаклга ўтказиш);
  • минимал ва максимал қиймат чегараларни белгилаган ҳолда соддалаштирилган божхона расмийлаштирувини амалга ошириш.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон божхона соҳасида ҳам жуда кенг миқёсда замонавий ахборот технологияларини қўлланилиши соҳада катта ўзгаришларга олиб келди. Бир неча йиллар олдин божхона расмийлаштируви учун узоқ вақт талаб этилган бўлса, эндиликда Хавфни бошқариш тизими жорий этилгандан сўнг экспорт ёки импорт БЮДларни расмийлаштиришнинг энг минимал вақт сарфи бир неча дақиқани ташкил этмоқда.

Шунингдек, рақамли божхона ўзи билан бирга бир қанча янги атамаларни олиб келади. Масалан, 24/7 тамойили (ҳафтанинг 7 кунида 24 соат фаолият юритиш) орқали божхонани автоматлаштириш ТИФ субъектлари учун жуда катта енгиллик беради.

Негаки, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда ва бошқа фаолиятни бажаришда вақт омилидан оқилона фойдаланиш ҳамда уни тежаш имконини беради. Ўзбекистонда ТИФ субъектлари экспорт операцияларини 24 соат мобайнида амалга оширишлари мумкин. Бунда божхона органларининг фаолиятини соддалаштириш мақсадида хавфни бошқариш тизими белгилаб берган тартибда божхона юк декларациясини божхона ходими иштирокисиз автоматик тарзда расмийлаштирувини амалиётга жорий қилиш ҳамда “кўк” йўлакни ишга тушириш тавсия этилаётган тамойилнинг бир қисми сифатида қарашимиз мумкин.

Шунингдек, божхона чегаралари бўйлаб автотранспорт воситалари тирбандликларини олдини олиш мақсадида 24/7 принципи асосида давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари учун электрон навбат тизимини жорий этиш муаммонинг ечими бўлади дейишимиз мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, рақамли божхона механизми фаолиятнинг янги йўналиши сифатида божхона органлари  фаолиятини анчагина соддалаштириш ҳамда ТИФ иштирокчилари учун янада қулайликлар яратишни мақсад қилиб қўяди. Шу билан бирга, буни амалиётга қўллаш орқали тизимда қўплаб ютуқларга эришиш мумкин. Қолаверса рақамли божхона аслида рақамли иқтисодиётнинг бир бўлаги бўлганлиги сабабли ҳам мавзунинг нақадар долзарблигини англатади.

Достон Йўлдошев

Божхона институти

4-босқич курсанти 

                                                    

7.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг