Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Мўътабар аёл» кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди
1449
Одамзот пайдо бўлганидан буён муқаддас Она сиймосини, аёл зотини улуғлаб, унга таъзим қилиб келади. Аёл бор экан, ҳаёт бор, оила, фарзанд деган азиз ва бебаҳо неъматлар бор. Аёл бор экан, меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат бор, инсон қалбини, ҳаётини безайдиган “она Ватан” деган буюк тушунча, гўзал қадрият ва анъаналар бор. Таъкидлаш ўринлики, жамиятни демократик янгилаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият соҳаларини ривожлантиришда бутун халқимиз қатори аёлларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссаси бор.

Бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 388 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизи эса - айнан хотин-қизлардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сонли “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилган.

2019 йил 8 март байрами арафасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига кўкрак нишони комиссияси қарори асосида халқ эътирофига сазовор бўлган, меҳнат фаолиятида кўплаб ютуқларга эришган, оиласи билан намуна бўлаётган 290 нафар хотин-қизлар мазкур мукофот билан тақдирланган эди.

2020 йилда мазкур комиссия Йўриқномасига ўзгартириш киритилиб, ушбу нишон 50 ёшдан юқори бўлган, оналик, мўътабарлик мақомига муносиб ютуқларга эришган, оиласидаги маърифий муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлишликни ҳаёт тарзига айлантирган аёлларга берилиши белгилаб қўйилди ва бу йил 287 нафар аёллар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Тақдирланганлар орасида Божхона органлари тизимида 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида хизмат қилиб келаётган, Давлат божхона қўмитаси “Моддий техника таъминоти” бошқармаси Бош инспектори, божхона хизмати подполковниги Турсунова Лобархон Зохидовна ҳам «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига муносиб кўрилган аёллар жумласидандир.

«Мўътабар аёл» кўкрак нишонлари, 2020 йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитаси биносида (собиқ) бўлиб ўтган тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Боситхонова томонидан бир гуруҳ аёлларимизга тантанали равишда топширилди.  

Мукофотлар муборак бўлсин Лобар Зохидовна!   

***

3.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг