Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари эгаларидан жарималарни улар республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда божхона органлари ундиради
1516
2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий автотранспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши устидан назорат ўрнатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган бўлиб, ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий автотранспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши устидан назорат ўрнатиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, хорижий автотранспорт воситаларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик учун белгиланган жарималарни ўз вақтида ва тўлиқ Давлат бюджетига ундирилишини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан тегишли жарималарни ички ишлар органлари томонидан онлайн тақдим этилган маълумотлар асосида, ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда божхона органлари томонидан ундириш механизми жорий этилади.

Давлат божхона қўмитасига республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги бўйича тўланмаган жарималарни автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда ундириб олиш, тўланмаган тақдирда жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситасини давлат божхона хизматининг ҳудудий органи ёки божхона пости томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақловга олиш ҳуқуқи берилади.

Ички ишлар вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликдаЎзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган ҳамда республика ҳудуди бўйлаб транзит ўтаётган хорижий автотранспорт воситалари республика ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигини улар божхона чегарасини кесиб ўтишида реал вақт режимида аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация маълумотлар базасини Давлат божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграциялаштиради.

Икки ой муддатда эса республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан жарима суммаларини божхона органи томонидан ундириш тартиби ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Лойиҳага кўра, Давлат божхона қўмитаси

Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан тўланмаган жарималарни ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда ундириб олиш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситалари бундан мустасно;

чегара божхона постларини замонавий камералар, хусусан “Автотранспорт воситалари рақамларини аниқлаш тизими” ва дастурий таъминотлар билан таъминласин ҳамда ушбу техник воситаларни янгилаб бориш, ахборот тизимларини доимий ишлаб туриши бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланади.

Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар 2020 йил 11 мартга қадар давом этади.

 

29.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг