Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология марказида кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш тартиблари лойиҳаси эълон қилинди
2565
2020 йил 29 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш тартибларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Миллий кинология марказида кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш тартиблари лойиҳаси эълон қилинди

Лойиҳа Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган бўлиб, ундан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 18 декабрдаги 1029-сон қарорига асосан Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида кинологларни тайёрлаш, хизмат итларини ўргатиш ва сотиш амалиётини жорий этишга қаратилган.

Мазкур қарор билан Миллий кинология марказида буюртманомаларга мувофиқ кинологларни тайёрлаш, итларни ўргатиш ва сотиш тартиби ҳамда Миллий кинология марказидаги хизматга яроқсиз итларни сотиш тартиби тасдиқланиши кўзда тутилган.

Марказга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар ёки хорижий давлатлар кинология хизматлар, шунингдек, бошқа вазирлик ҳамда идоралари - кинологларни тайёрлаш, шунингдек уларга тегишли хизмат итларини ўргатиш ҳамда итларни сотиб олиш учун, Ўзбекистон Республикаси резидент ва норезидентлари эса - итларни ўргатиш учун буюртма беришлари мумкин.

Марказга буюртманома келиб тушган кундан бошлаб 15 кун ичида Марказ билан буюртмачи ўртасида шартнома тузилади.

Ўқув курсларига клиник соғлом, зот стандартларига мос келадиган
8 ойликдан 2 ёшгача бўлган 7 турдаги ўрта (Рус спаниели, Инглиз коккер спаниели, Америка коккер спаниели, Вельш-терьер, Ягдтерьер, Бигль, Фокс-терьер) ва 10 турдаги йирик (Немис овчаркаси, Бельгия овчаркаси, Шарқий Европа овчаркаси, Ўрта Осиё овчаркаси, Кавказ овчаркаси, Лабрадор, Ротвейлер, Курцхаар, Доберман, Ризеншнауцер) зотли итлар қабул қилинади.

Буюртмачи томонидан олиб келинган ит паспорти ва бошқа ҳудуд (вилоят ёки туман)дан олиб келинадиган бўлса, амалдаги қонунчилик талаблари асосида юқумли касалликлар йўқлиги ҳақидаги маълумотномалар тақдим этилади. Мазкур ҳужжатда қутуриш, “Ўлат ва бошқа юқумли касалликларга” қарши эмлаш, гижжасизлантириш тадбирлари ўз вақтида ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот кўрсатилиши лозим.

Эмлаш тадбирлари буюртмачи томонидан итни Марказга олиб келишидан камида 21 кун олдин ёки 11 ойдан ўтмаган ҳолда амалга оширилган бўлиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалари, бошқа вазирлик ва идоралар, шунингдек хорижий давлатлар кинология хизматлари буюртманомалари бўйича кинологларни тайёрлаш ҳамда уларга тегишли хизмат итларини ўргатишда кинологлар хизмат итлари билан биргаликда ўргатилади.

Хорижий давлатлар кинология хизматлари буюртманомалари асосида икки ёхуд кўп томонлама ташқи савдо шартномаси тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида кинологларни тайёрлаш, шунингдек, уларга тегишли хизмат итларини ўргатиш бўйича келишувлар назарда тутилган бўлса, Марказ томонидан алоҳида шартнома тузилмайди.

Мазкур тартибга Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида бир нафар кинолог ва унга тегишли хизмат ити учун ўқитиш харажатларининг калькуляцияси ҳам илова қилинмоқда.

Хорижий давлатлар кинология хизматлари буюртмалари бўйича кинологларни тайёрлаш, шунингдек, уларга тегишли итларни ўргатиш учун тўловлари мазкур калькуляциянинг  икки баробар миқдорида белгиланади.

Ўқув-ўргатув курси якуни бўйича кинологлар буюртмачи вакили иштирокида синовдан ўтказилади ва синовдан муваффақиятли ўтган кинологларга сертификат берилади.

Лойиҳага кўра, Миллий кинология маркази хизмат итларини Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси,Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, бошқа вазирликва идораларга ҳамда хорижий давлатлар кинология хизматларига шартнома асосида сотиши мумкин.

Марказ томонидан сотиладиган хизмат итлари тегишли лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади.

Қарор лойиҳасига Миллий кинология марказидаги хизматга яроқсиз итларни сотиш Тартиби ҳам илова қилинган.

Унга кўра Марказ буйруғи билан тасдиқланадиган Марказдаги итларнинг хизматга яроқсизлигини аниқловчи комиссия томонидан хизмат итлари болаларини ўстириш ва хизмат итларидан  фойдаланишни тақиқловчи жисмоний камчиликлар, касалликлар ва нуқсонларга асосан аниқланади.

Клиник соғлом, жисмоний нуқсонсиз, лекин итнинг феъл-атворида таҳминий-жинсий ва суст-мудофаа реакциясининг устунлиги ҳамда асаб фаолияти асосий типологик хусусиятларининг камчиликлари ўта юқори ёки жуда паст қўзғалувчанлиги мавжуд бўлган итлар 8 ойдан бошлаб 2 ёшгача Комиссия томонидан хизматга яроқсиз деб топилади ва далолатнома тузилиб, сотувга қўйилади.

Баҳоловчи ташкилотлар томонидан итнинг баҳоланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинган кундан кейин 3 иш куни ичида оммавий ахборот воситаларига итни сотиш бўйича эълон берилади.

Ушбу эълонда сотувга қўйилган итнинг фотосурати ва лақаби, ёши, зоти, жинси, нархи, шунингдек, тўловларни амалга ошириш учун Марказнинг банк реквизитлари ҳамда қўшимча маълумотларни олиш мумкин бўлган алоқа қилиш учун телефон рақами, ит сотиб олиш учун мурожаат этишнинг охирги муддати (кун ва соат) ҳақидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилади.

Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар 2020 йил 15 мартга қадар давом этади.

29.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг