Жумладан, Ш.Рашидов тумани Хайробод МФЙда яшовчи фуқаро У.У. яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, хонадонда ноқонуний ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги аниқланиб, қўл бола усулда тайёрланган жами 337 дона турли номдаги ичимликлар, 12 дона елим идишда жами 120 литр спирт маҳсулоти, 129 дона қадоқлаш учун ишлатиладиган қопқоқ, 4000 дона акциз маркалар борлиги аниқланди.
Мазкур хонадон “кўп тармоқли” ишлаб чиқаришга мослашган бўлиб, кичик ҳажмдаги атирлар ҳам хавфсизлик талабларига умуман жавоб бермайдиган шароитда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги аниқланди ва кўздан кечириш давомида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1318 дона атирлар, 10 литрлик 4 дона елим идишда 40 литр ўткир ҳидли атир суви, 3200 дона атир қутиси, 3000 дона атир қопламаси, 1000 дона атир қопқоғи, атир маҳсулотларини тайёрлаш ва қадоқлаш ускунаси олинди.
Тадбир давомида Ш.Рашидов тумани Хайробод МФЙда яшовчи фуқаро Н.Н, Қўшкўприк МФЙда яшовчи К.Ф., Жиззах шаҳар Ҳайробод МФЙда яшовчи М.Д. ўғлининг яшаш хонадонларида ҳам шу тарзда ташкил этилган “яширин цех”лар аниқланиб, “қўл бола” усулда ишлаб чиқарилган ичимликлар, спирт маҳсулоти, атирлар ҳамда бошқа турдаги товарлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилди.
Юқоридаги “уддабурон” шахсларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдо пештахталари ва умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб берилганлиги аниқланиб, Жиззах шаҳри ҳамда Ш.Рашидов туманида жойлашган бир нечта савдо дўконлари ҳамда овқатланиш шохобчаларидан “қўл бола” усулда тайёрланган ичимликлар ҳамда акциз маркалари бўлмаган маҳсулотлар олиб қўйилиб, истеъмолга киритилиши олди олинди.
Мазкур тезкор тадбир давомида жами дастлабки қиймати 447 807 900 сўмлик маҳсулотлар, 11 692 дона “қўл бола” тайёрланган атирлар, 100 литр атир суюқлиги, 852 дона хорижда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар ва 727 дона аёллар кремлари ҳамда бошқа қадоқлаш воситалари ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
28.02.2020