Хоразм вилояти божхона бошқармасида «Коррупция – тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Вилоят прокуратураси ва адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирокида ўтказилган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”, “коррупцияга қарши курашиш”, “манфаатлар тўқнашуви”га аниқ ва тўлиқ тушунтиришлар берилди. Бу ҳақда ҳар бир фуқаро билиши учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муносабатини шакллантириш орқали бу иллатга қарши самарали курашиш мумкинлиги қайд этилди.
Шу ўринда, Президентимизни 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга мурожаатномаcида - коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак деган сўзлари бунга мисол бўла олади.
Давра суҳбатида коррупцияга қарши курашиш соҳасида хорижий тажриба ва хорижий қонунчилик тўғрисида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Масалан, Германия давлатида немис амалдорларини пора эвазига оғдириб олиш имконсизлиги сабабини уларнинг бир баҳяда барча нарсадан қуруқ қолишдан қўрқиши билан изоҳлаш мумкин. Чунки битта нотўғри қадам боис амалдорлар турли имтиёзлардан, жумладан, кафолатланган пенсиядан қуруқ қолиши мумкин экан.
Энг муҳими, божхоначи мансабдор шахс сифатида ўз вазифаларини бажараётганида бирор-бир моддий бойликни олиши, жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриши қатъиян тақиқланган. Аслида у коррупцияга қарши курашиб, профилактика ишларида фаол қатнашиши жоиз. Кимдир ўзини ниманидир эвазига жиноий ҳамкорликка ундаганда ёки у бошқа давлат хизматчилари содир этган қонунбузарликдан огоҳ топганида, бу ҳақда дарҳол бевосита раҳбарига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.
Бурчини ўташ жараёнида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи шахсий манфаатдорликка, аниқроғи, ўзи ва яқин қариндошлари, шунингдек, уларга яқин ёки ишга алоқадор бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.
Тадбир қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, ходимлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мутахассисларга мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олишди.
28.02.2020