Бугунги кунда мазкур мактабда 2750 нафар ўқувчилар икки сменада таҳсил олмоқда. Уларга 160 нафар ўқитувчилар таълим бериб келмоқда. Мактабда ўқувчиларга барча шароитлар яратиб берилган. Дарсдан сўнг ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ олиш ва шахмат-шашка спорт тўгаракларига қатнашишлари учун алоҳида хоналар ташкил этиб берилган.
Доноларимиз бежизга “Илмга эътибор – келажакка эътибор” дея айтишмаган. Учрашувда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов сўзга чиқиб, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида “Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз” дея таъкидлаганларини яна бир бор эслатиб ўтди.
Илм-маърифат кишини мурод-мақсадига етказиши, жамиятда муносиб шахс сифатида ўз ўрнига эга бўлишига хизмат қилиши ҳаётий мисоллар билан ўқувчиларга етказилди. Шу билан бирга, 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчиларга ўргатиладиган ҳар бир фан ҳаётда қандай қўл келиши аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди.
Божхона касбига қизиққан ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Шунингдек, учрашувда мактаб директори Т.Долиева ва ўқитувчи ҳамда ўқувчиларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.
Вилоятнинг туман ва шаҳарларида жойлашган 9 та мактаб таълим муассасаларида вилоят божхона бошқармаси раҳбариятининг сайёр учрашувлари давом этмоқда.
27.02.2020