Бунга ҳамоҳанг тарзда шаҳарда ҳукуматимиз, вилоят ва шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан ушбу соҳани такомиллаштириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, хориждаги йирик компаниялар билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.
Таъкидлаш лозимки, шаҳримизда 107 та меҳмонхона бўлиб, ўтган 6 ой ичида яна 2 та янги меҳмонхона ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда 87 та сайёҳлик компаниялари бўлиб, ўтган 6 ойда 10 та янги сайёҳлик фирмаси рўйхатдан ўтказилди ҳамда тегишли сертификат ва лицензияга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17-18 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида туристлар оқимининг кескин кўпайишини инобатга олиб, 2018-2019 йилларда 25 та меҳмонхона қуриш бўйича топшириқ берганди. Унинг ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида 44 та лойиҳа таклифлари шакллантирилди. Бугунги кунда 28 та лойиҳа бўйича амалий ишлар бошланган. Йилнинг охирига қадар 12 та меҳмонхона фойдаланишга топширилади. Қолган 15 таси 2019 йил октябрь ойига қадар ва 17 таси 2020 йил март ойига қадар ишга туширилади.
Натижада 7 мингдан ортиқ туристга меҳмонхона хизмати кўрсатиш имконияти яратилади. Уй меҳмонхоналарини ташкил этиш бўйича 5 та ташаббускор фуқароларимиз томонидан амалий ишлар бошланган. Мирзо Улуғбек кўчасида 86 ўринли 4 юлдузли "SOLE VITA" МЧЖнинг "DiliMax" меҳмонхонаси, Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида эса 10 ўринли "Роҳат люкс" уй-меҳмонхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 120 ўринли "Александр", 200 ўринли "Константин Итол" меҳмонхоналарида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида.
Бугунги кунга қадар, туристик фирмалар томонидан 6 та автобус ва 11 та микроавтобус харид қилиниб, соҳадаги транспорт хизмати сифати янада яхшиланганини эътироф этиш жоиз.
Туризм тармоғининг асосий кўрсаткичи бўлган сайёҳлар оқими бўйича давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 мартдаги "2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, прогноз кўрсаткичлар белгилаб берилган. Унга кўра, 2018 йилда 350 минг хорижий ва 1,5 млн. маҳаллий туристларнинг Самарқандга саёҳатини ташкиллаштириш кўзда тутилганди. Жорий йилнинг январь - июнь ойларида вилоятга 160 мингдан ортиқ хорижий ва 1 млн.га яқин маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан "Aznur Travel" МЧЖ Самарқанд филиалига Самарқанд шаҳри бўйлаб мўлжалланган махсус автобуслари (dоuble decker) истисно тариқасида тасдиқланган йўналишлар бўйича ҳаракатланишига рухсат берилди.
Туркиянинг APEAS компанияси билан 130 хонали 5 юлдузли меҳмонхона қуриш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Турк компанияси вакиллари танлаган ер участкаси бўйича шаҳар ҳокимлигининг қарори қабул қилинди. Ҳозирги кунда ушбу майдонда жойлашган турар ва нотурар-жой объектларининг қиймати юзасидан ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда.
“Агро Ургут Бизнес” МЧЖ томонидан шаҳар ҳудудида хорижий ва маҳаллий туристларга аэростат (ҳаво шарлари) орқали аттракцион хизмати кўрсатила бошланди.
Тиббиёт туризмини ривожлантириш, сиҳатгоҳ, табиий соғломлаштириш масканларига хорижий ва маҳаллий, хусусан, қўшни давлатлардан сайёҳларнинг ташрифини ташкил этиш учун "БИОНУР", "ИННОВА", "СТД", "ГАММАМЕД", "САНГЗОР", "ЗАРМЕД", "ПЕРФЕКТУМ ДИАГНОСТИК" тиббиёт муассасалари белгилаб олинди.
Самарқандда туризм соҳасида олиб борилаётган ана шундай кенг қамровли ишларга қарамасдан тизимда ечимини кутиб турган муаммолар ҳам мавжуд, албатта. Бу борада хорижий ва маҳаллий туристлар, соҳанинг малакали мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ўрганилмоқда.
Cамарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
25.08.2018