Худди шулардан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан мунтазам равишда учрашувлар, очиқ мулоқот ва экспортёр корхоналарга сайёр ташрифлар амалга ошириш келинмоқда.
Куни кеча Бухоро туманида фаолият кўрсатиб келаётган корхоналарга уюштирилган сайёр ташриф ҳам ана шулар сирасига киради. Сайёр учрашув дастлаб, Бухоро тумани “Истиқбол” ҚФЙ ҳудудида жойлашган “PROPERTY INDUSTRY” корхонасига ташриф билан бошланди. Вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари тез кунларда тўлиқ ишга туширилиши кутилаётган ушбу корхона директорининг божхона иши билан боғлиқ барча саволлари ва муаммоларига тўлақонли жавоб бериб бордилар.
Шунингдек, корхона вакили З.Давлатов томонидан келгусида асосий эътибор мева-сабзавот маҳсулотларини қуритилган ҳолда экспортга чиқаришга қаратилганлигини айтиб, бу борада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, маҳсулот экспорти бўйича божхонага тақдим этиладиган ҳужжатлар тўғрисида маълумот олиш истагини билдирди.
Мурожаатга жавобан, “Бухоро” ТИФ божхона пости бошлиғи Ў.Тиллаев Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июнда “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 207-сонли Қароридан келиб чиқиб жавоб берди.
Шу куни вилоят божхона бошқармаси масъуллари иштирокида ташкил этилган учрашувлар, “ARTIN” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси ва “GALA RIVER” узумни қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма корхонаси ҳамда “Маданият Артекс” корхоналарида ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтадиган бўлсак, “Маданият Артекс” корхонасида айни пайтда 8 турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган бўлиб, бу маҳсулотларнинг асосий қисми Россия Федерациясига экспорт қилинади. Корхона вакилларининг таъкидлашича, келгусида пахта ва унинг чиқиндисини қайта ишлаш натижасида 15 турдан ортиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Учрашув якунида вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Р.Сайдалиев ва пост бошлиғи Ў.Тиллаевлар корхона вакилларига маҳсулотлар экспорти билан боғлиқ жараёнларда вужудга келаётган муаммолар ва саволлар бўйича бевосита бошқарма ҳамда божхона постига кун-у-тун мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлашди.
Бухоро вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
24.08.2018