Янги коронавирус белгиларига респиратор аломатлар: иситма, йўтал, нафас қисиши, қийналиб нафас олиш киради. Вирус асоратлари таъсири пневмония ва буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Ҳозирги кунга келиб бу касаллик 3000 га яқин инсонни ҳаётдан олиб кетди. Хитойнинг Ухан шаҳри тарқалиш манбаи ҳисобланадиган “коронавирус” ўз кўламини кенгайтириб Италия, Жанубий Корея ва Эрон давлатларини ҳам ўчоғига айлантирди.
Куни-кеча эса, қўшни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида ҳам мазкур вируснинг тарқалиши кўпчиликни саросимага солиб қўйди.
Афғонистон Ислом Республикасида юртимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келинади. Шу ерда ўринли савол мазкур божхона постда текширув жараёнлари қандай?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига киришда шахслар, йўловчилар ва уларнинг қўл юклари ҳамда багажи назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:
1) чегара назорати бўлинмалари томонидан Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги текширилади;
2) санитария-карантин бўлинмаси томонидан назоратдан ўтказилади;
3) Давлат чегараси орқали пиёда ўтадиган шахслар қўл юки билан бирга назорат тартиб-таомилларидан ўтиш учун залга йўналтирилади;
4) божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг қуйидаги вазифаларини ҳам амалга оширади:
фитосанитария ва ветеринария назорати предметлари мавжудлиги тўғрисида сўраш;
фитосанитария ва ветеринария назорати талаб қилинадиган товарларни олиб кириш учун рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлигини сўраш;
қўл юки ва багажни назорат қилиш жараёнида фитосанитария ва ветеринария назорати объектлари мавжудлигини назорат техник воситалари ёрдамида кўздан кечириш.
Мазкур қарор талаблари ва “коронавирус”нинг кириб келишини олдини олиш мақсадида, Афғонистон Ислом Республикасидан келаётган ҳар бир фуқаролар махсус дезинфекцияланган гиламлар орқали киритилиб, санитария-эпидимология осойишталик маркази ходимларининг назоратидан ўтказилмоқда. Автотранспорт воситалари эса махсус дезинфекцияланган сувларга туширилиб, юртимизга киритилмоқда. Бундан ташқари, Афғонистон Ислом Республикасидан келаётган барча фуқаролардан тиббиёт ниқобларида бўлишлари талаб қилинмоқда.
Ушбу божхона постида хизмат олиб бораётган барча хизматлар ходимлари тиббиёт ниқоблари ва тиббий қўлқоплар билан фаолият кўрсатмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда Давлатимиз томонидан “коронавирус”ни юртимизга кириб келишини олди олиш учун зарурий чоралар кўрилмоқда.
25.02.2020