“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан
исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия
ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон
ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига
тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар
хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм
ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.”
БМТнинг “Коррупцияга
қарши кураш тўғрисида”ги конвенциясидан
Коррупция жамиятнинг ижтимоий–иқтисодий ривожланишига путур етказиб, мамлакатнинг конституцион асосларини емирувчи, халқнинг турмуш даражаси яхшиланишига хавф солувчи энг жирканч сиёсий ҳодиса саналади. Шунинг учун ҳам бу иллатга қарши кураш барча миллат ва халқларда ҳамиша аҳамиятли масалалардан бўлиб келган.
Юртбошимиз 2020 йил 24 январда Олий мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳам “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” дея алоҳида таькидлаб ўтган эдилар. Дарҳақиқат, қонун устувор бўлган ҳар қандай жамиятда олға силжиш, ривожланиш бўлади. Инсонларда порлоқ келажакка умид ва талпиниш ҳисси вужудга келади. Давлат идоралари фаолиятида коррупцияга йўл қўйилиши эса мамлакатнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилиб, жамиятимизда уларга нисбатан ишончсизликнинг ортишига сабаб бўлиши турган гап. Бу ҳақида Давлатимиз Раҳбари “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда” деб таъкидлаб ўтгандилар.
Божхона органлари фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, божхона ходимларининг ҳалол, маъсулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари юзасидан доимий равишда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган. Бугунги рақамли иқтисодиётга ўтиш даврида божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш борасида ахборот технологияларидан жадал фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат алмашиш тизимларининг амалиётга жорий этилганлиги ҳам божхонада коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган чора тадбирлар сирасига киради, десак муболаға бўлмайди.
Коррупция дея аталмиш жирканч иллатга қўл уриш кўп жиҳатдан инсоннинг оила аъзолари ва яқинларига, уйдаги шароит ва муҳитга боғлиқ. Шундай экан, божхона органлари ходимлари орасида коррупцияга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида тизим ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Коррупциясиз ҳалол хизмат” шиори остида тадбир ўтказилди.
Тадбирда бошқарманинг Кадрлар бўлими бошлиғи сўзга чиқиб, коррупцияга қарши ходимнинг оила аъзолари билан ҳамкорликда курашиш лозимлиги, ҳалол, пок хизмат эвазига келаётган ризқдан яхшиси бўлмаслиги ҳақида батафсил тўхталиб, ходимларга давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Ўйлаймизки, бундай саъй-ҳаракатлар ходимларни ўз хизмат фаолиятида ҳалоллик ва поклик тарк этмасликларига янада туртки бўлади.
24.02.2020