Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Келес”да навбатдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди
1820
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” чегара-божхона пости ходимлари сифати кафолатланмаган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган маҳсулотларнинг юртимизга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишди.
“Келес”да навбатдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди

Жумладан, “Алмата-Нукус” йўналишидаги поезд йўловчиларининг қўл юкларини назоратдан ўтказиш чоғида фуқаро К.Каюмов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) салкам 13 млн. сўмлик алкоголли ичимликларни божхона назоратидан яширинча олиб кираётганлиги аниқланди.

Худди шу поезд йўловчиларидан яна бири, қўшни давлат фуқароси У.Уласенов эса 21 турдаги кийим-кечак, ётоқ чойшаблари, спорт кийимлари, сочиқ ва бошқа товарларларни божхона назоратига тақдим этмасдан ва декларацияламасдан олиб кираётганлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати  26 млн. сўмни ташкил этар экан.

Шунингдек, “Челябинск–Тошкент” йўналишидаги халқаро қатнов поездининг йўловчиси, чет эл фуқароси У.Расулов божхона назоратидан яшириб, дастлабки ҳисоб китобларга кўра қиймати 45 млн. сўмдан ортиқ бўлган 183 кг оғирликдаги 219 дона спиралли электр иситгичларни юртимизга олиб киришга уринганлиги фош этилди.

Яна бир ҳолатда “Москва–Тошкент” йўналишидаги халқаро қатнов поездининг йўловчилари ва уларнинг юклари божхона назоратидан ўтказилганида, фуқаро О.Халиков 15 литр этил спиртини яширинча олиб кирмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Мазкур поезднинг йўловчиларидан яна бири фуқаро Ж.Хаджаев дори воситалари ва товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яшириб олиб кираётганлиги маълум бўлди. Салкам 2050 дона кўз линзалари, витаминлар ва дори воситалари, ксометика воситаларининг умумий қиймати дасталабки ҳисоб-китобларга кўра 35 млн. сўмдан ортар экан.

Таъкидлаш жоизки,  2018 йилнинг 7 ойи давомида  Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 777 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида салкам 30 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.

 Тошкент шаҳар

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

24.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг