Жорий йилнинг 5 февраль куни Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ҳам Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида “Халқаро савдо” йўналиши бўйича мамлакатимиз позициясини яхшилаш, жаҳон тажрибаси асосида назорат идораларининг ишини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида вилоят божхона бошқармаси сертификатлаштириш бўйича ваколатли идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан чет мамлакатлардан импорт қилинаётган товарларни қисқа муддатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида тадбир ўтказилди.
Бугунги кунда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан чет мамлакатлардан импорт қилинган 8 472,0 тонна оғирликдаги, товарлар “Самарқанд” ТИФ божхона пости назоратидаги божхона омборларида “Божхона омбори” ва “Вақтинча сақлаш” божхона режимларига расмийлаштирилган ҳолда сақланмоқда.
Хўш бунга сабаб нима? Мазкур товарларни якуний божхона режимига расмийлаштириш бўйича ташкилот вакиллари билан учрашиб гаплашилганда, импорт товарларни сертификатлаштиришда маълум бир вақт ва жараёнлар талаб қилинаётганлигини таъкидлаб ўтишган.
Шуларни инобатга олган ҳолда божхоначилар йиғилишга карантин, санитария, стандарт сертификат идораларининг маъсулларини таклиф этиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қийнаб келаётган муаммоларини ўртага ташлаб, уларни ижобий ҳал этиш масаласини кўриб чиқди.
Йиғилишда “Sam Antep Gilam” МЧЖ божхона ишлари бўйича маъсул К.Баратов, “Самарқанд автомобил заводи” МЧЖ қўшма корхонаси вакили С.Жумаев ва “Ehtiyot gism savdo mtp” ХКдан Ш.Қодировлар ўзларини қизиқтирган саволларини беришиб, амалиётда учраётган муаммоларини бартараф этиш бўйича таклифларини бериб ўтишди.
Тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар ёзиб олиниб, ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга етказилиши эслатиб ўтилди.
22.02.2020