Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414 сон Фармони билан “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган бўлиб, мазкур қарор дастурнинг 17-банди ижроси доирасида қабул қилинди.
Қарор билан хорижий автоташувчиларни ХЙТ китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона Конвенцияси низомларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва бундай ҳуқуқни тиклаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Низомга кўра, эндиликда
ХЙТ тартибини бузган ташувчилар божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятини бу бўйича қарор қабул қилинганидан сўнг 30 календарь куни ичида бажармаса;
Конвенция низомларини бир неча бор бузса ёки божхона қонунчилиги талабларига риоя қилмаса, хусусан:
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни ноқонуний олиб ўтса;
божхона назорати остидаги товарларни белгиланган жойга етказмаса;
божхона органларининг рухсатисиз божхона назорати остидаги товарларни бошқа шахсларга бериб юборса ёки йўқотса;
республикадан олиб чиқилиши белгиланган товарларни ишлатиб юборса ёки эгалик қилса;
халқаро ташувдаги юкларни белгиланган муддатларда олиб чиқиб кетмаса Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Конвенция низомларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Ташувчи ва унинг ваколатли шахси ўзига нисбатан қабул қилинган маъмурий ёки жиноий жазони ижро этмаса у ҳолда ҳудудий божхона бошқармалари томонидан 3 кун муддатда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Конвенция низомларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича таклифлар Давлат божхона қўмитасига тақдим қилинади.
Мазкур таклифлар асосида ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қабул қилинган қарор тегишли муассаларга, хусусан ташувчининг доимий манзилгоҳи жойлашган давлатнинг ваколатли органига ҳам юборилади.
Зиммасига юклатилган мажбурият ва суд қарорини ижро этганида ёки унга доир суд қарорлари бекор қилинганда ташувчининг ушбу ҳуқуқлари яна тикланиши мумкин.
Бунинг учун ташувчи ҳудудий божхона бошқармасига ёзма равишда ариза билан мурожаат қилади. Аризага албатта ҳуқуқдан маҳрум қилинишига сабаб бўлган омилларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Ариза ва тегишли ҳужжатлар 3 кун муддатда ҳудудий божхона бошқармаси томонидан Давлат божхона қўмитасига тақдим қилинади ва қўмита томонидан 10 иш кун ичида тегишли қарор қабул қилинади.
Ўз ўрнида ҳуқуқни тиклашга доир қарор ҳам тегишли муассаларга, хусусан ташувчининг доимий манзилгоҳи жойлашган давлатнинг ваколатли органига ҳам юборилади.
Эслатиб ўтамиз, ХЙТ конвенцияси 1975 йил қабул қилинган бўлиб, унинг 38-моддасига биноан конвенцияга аъзо давлатлар ташувчиларни Конвенция низомларидан фойдаланиш ҳуқуқидан вақтинча ёки бутунлай маҳрум қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Рақамларга мурожаат қилсак, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан 2012-2017 йиллар давомида ташувчиларнинг 36 таси бутунлай, 54 таси вақтинча ушбу ҳуқуқдан маҳрум қилинган, 85 та автоташувчиларга эса бу бўйича огоҳлантириш берилган.
Бир сўз билан айтганда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори республикамизда ХЙТ китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона Конвенциясини қўллаш доирасидаги божхона ишини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2018 йилнинг 19 ноябридан бошлаб кучга киради.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
23.08.2018