Дарҳақиқат, коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказиб, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат ривожланиши учун ўта хавфли ҳисобланади.
Божхона органларида ушбу жирканчли иллатга қарши курашиш борасида “Коррупцияга қарши маърифат” шиори остида ҳар бир ходимда билим, шунингдек, иймон-эътиқод, ҳалоллик каби сифат ва ҳиссиётларни шакллантиришга қаратилган мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида ўтказилган тадбирда божхоначилар ва уларнинг яқин қариндошлари билан ҳам айнан шу масалага яна эътибор қаратилди.
2019 йил давомида бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 54 маротаба маърузалар қилинган, тамагирлик каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар билан 44 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.
Амалиётда учраётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш борасида эса чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган 225 нафар йўловчилар билан аноним сўровномалар ўтказилган.
Йиғилишда ўз нафсининг қурбонларига айланган нопок кимсаларнинг қилмишлари акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди.
Шундан сўнг ота-оналар ва ходимларнинг яқинлари ўз хулосаларини билдириб ўтишди. Ушбу иллатга қарши курашишда барча бирдек масъул эканлиги, бунинг учун эса ҳамкорликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги “Руҳобод” жоме масжиди имом-хатиби Тўлқин Амиров ва Ўзбекистон божхона фахрийлари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Фарход Мукумовлар иштирок этиб, мавзу юзасидан фикрларини билдириб ўтишди.
Тадбир давомида божхона соҳаси билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаб турганлиги эслатиб ўтилди.
21.02.2020