Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 4549-сонли қарорини мисол қилишимиз мумкин. Ушбу Қарор мазмун-моҳиятини қишлоқ ҳўжалигининг тегишли соҳа вакилларига етказиш мақсадида Наманган вилояти Чортоқ туман ҳокимлиги биносида семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, туман ҳокими Анваржон Отаходжаев, вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Караманов ҳамда боғдорчилик ва узумчилик, мева-сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари, тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.
Дастлаб давлатимиз раҳбари имзолаган 4549-сонли қарорнинг мазмун-моҳияти, Ҳукуматимиз томонидан кластерларга ва боғдорчилик ҳамда узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига берилаётган имтиёзлар тўғрисида тушунчалар берилди.
Мева-сабзавотчилик кластери фаолиятини йўлга қуйиш мақсадида “Алихон Деҳқон Қаноти” ММТП ҳудудида жойлашган “Намсиб Агро Бизнес” МЧЖ танлаб олинди. Ушбу корхона йиллига 3500 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватга эга.
Тумандаги мавжуд бўлган жами 5627 гектар мева-сабзавот майдонларидан “Намсиб Агро Бизнес” корхонасига 790 гектар, шундан 33 гектари кластерга қарашли, 757 гектар 68 нафар боғдорчилик йўналиши бўйича фермер хўжаликлари бириктирилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
19.02.2020