Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.Қ. қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан маркаланмаган, қиймати 1 млн. 335 минг сўмлик “Parliament”, “Senator”, “Esse”, “Mond” ва “LD” номли сигаретларни божхона чегараси орқали яшириб олиб ўтишни ният қилган эди.
Гап шундаки, божхона назоратидан ўтаётган фуқаро А.Қ.дан ёнида, қўл юкларида ҳамда унинг бошқарувидаги “Дамас” русумли шахсий автомашинасида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган ёки миқдорий чекланган товарлар бор йўқлиги божхоначилар томонидан оғзаки равишда сўралган.
Фуқаро А.Қ. эса ўз ёнида бундай товарлар йўқлигини айтганидан сўнг унинг бошқарувидаги автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомашина ўриндиғи остига ва эшик қопламалари орасига хуфёна яширилган тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолат натижасида қонунбузардан тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар томонидан четдан 10 қути тамаки маҳсулотларини божхона тўловларисиз олиб киришлари мумкин.
Фарҳод Ахроров,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
23.08.2018