Шу боисдан ҳам, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши кураш конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига аъзо бўлиниб, 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур қабул қилинган ҳужжатлар ҳаётда ўз аксини топиши учун аввало кенг жамоатчиликда коррупцияга қарши ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Бошқача қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш ҳар бир фуқаро ва ёш авлоднинг маслагига айланиши керак.
Айни шу мақсадда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Термиз Давлат университети Денов филиалида талаба ёшлар иштирокида ўтказилган навбатдаги учрашув “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусига бағишланди. Учрашувда, университет ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этиб, мавзуга оид ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Эндиликда давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши ва уларнинг етарли даражада иш ҳақи билан таъминланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Муҳими, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган кишиларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этилди. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида умумий ўрта, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилиши белгиланганлиги тўғрисида ҳам талабаларга маълумот берилди.
Мулоқот якунида, тадбир иштирокчиларига божхона соҳасига оид савол ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки Сурхондарё вилоят божхона бошқармасининг (76) 225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
17.02.2020