Коррупциянинг салбий иллатлари аввало унинг демократия ва қонун устуворлигига путур етказишида намоён бўлади. Коррупция оқибатида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилади, қонунларга ҳурмат руҳи пасаяди, иқтисодий ривожланиш издан чиқади, энг даҳшатлиси давлат ва жамият учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик кенг ёйилишига шароит яратилади.
Шундай экан, коррупцияга сабаб бўлаётган ҳолатларни ҳамда жамиятни бу балодан қутқариш масаласи муҳокамасини йўлга қўйиш ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчиликни, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Бу мақсад йўлида барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақозо этаётганини унутмаслигимиз шарт ва зарур.
17.02.2020