Тадбир аввалида яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз айёмни кўтаринки руҳда ва осойишталикда ўтказишда ҳар бир фуқаро ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши муҳимлиги қайд этилди. Айниқса, чегара ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ва хушёрликни кучайтириш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этади.
Тадбирда фуқароларга божхона чегарасини кесиб ўтиш тартиб-таомиллари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, божхона соҳасидаги янгиликлар тушунтириб ўтилди.
Таъкидланганидек, 2018 йилнинг 7 ойида давомида Сурхондарё вилоятида божхона ходимлари томонидан 414 та божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Божхона қонунбузилишларнинг асосий қисми жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартиб қоидаларига риоя этмаслик натижасида содир этилган.
Шу сабабдан тадбирда жорий йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг тасдиқланган миқдорий нормалари ҳақида батафсил ахборотлар берилди.
Унга кўра эндиликда қўшни давлатлардан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтиш мумкин. Бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланиб, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.
Йиғилиш якунида фуқароларнингн қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди.
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.08.2018