Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483-йил 14-февралда Андижонда туғилди. Отаси Умаршайх Мирзо темурийлар авлодидан бўлиб, ўз даврининг энг обрўли ҳокимларидан бўлган. Бироқ, Умаршайх Мирзо бевақт ўлим топиб, Бобур унинг меросхўри сифатида тахтга ўтиради. Бу вақтда у эндигина 12 ёшга тўлган эди.
Бобур ёш бўлишига қарамасдан салтанат ишларини юритади. Бироқ кейинчалик ўзи ишонган бек ва ноибларининг хиёнати, салтанат тахти учун олиб борилган аёвсиз жанг-у жадаллар натижасида ҳокимиятни бой беради. Бобур бундан қаттиқ изтиробга тушади. Юртда тинчлик ўрнатиш мақсадида амалга оширган тадбирлари ҳам бесамар якунланади. Шундан кейин у ўз юртини ташлаб Ҳиндистонга йўл олиб, у ерда буюк империяга асос солади. Бобур Ҳиндистондек катта мамлакатда тинчлик ўрнатиб, давлатни адолат билан бошқарганлиги учун ҳам буюк ҳисобланади. Чунки, мусофир инсон учун бошқа давлат ҳукмрони бўлиш ҳеч қачон осон кечмаган. Гарчи Бобур ўзга юртда салтанат ҳукмрони бўлган бўлсада уни бутун умри давомида ватан соғинчи тарк этмаган. Буни у ёзган рубоийлардан ҳам билиш мумкин.
Бобурнинг ҳаёти ва ижоди йўли билан яқиндан танишган сари киши ўзида унинг янги қирраларини кашф этади. Айниқса, ҳарбий хизматчилар учун Бобур сиймоси том маънода намуна бўла олади.
Шу муносабат билан улуғ бобокалонимиз таваллудининг 537 йиллиги муносабати билан Навоий вилояти божхона бошқармасида Ёшлар Иттифоқининг вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Бобур ёш ҳарбийлар нигоҳида” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Танловда ёш божхоначилар томонидан Бобурнинг ҳаёт ва ижод йўли, унинг шахсияти, саркарда сифатида жангларда кўрсатган матонати, ватанга муҳаббат, авомга адолат, илм пешволарига ҳурмат каби чин инсоний фазилатлари тавсифланди.
Ёшлар ўртасида ўтказилган бу каби ижодий тадбирлар орқали ҳар бир ходимда шонли тарихимизда ўтган буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишдек масъулият ҳисси янада ошади.
15.02.2020