Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ватанпарварлик бизга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиздан мерос!
859
Ўрта аср Шарқ маданияти ва адабиётининг буюк намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483-йил 14-февралда Андижонда туғилди. Отаси Умаршайх Мирзо темурий авлодидан бўлиб, Фарғона вилоятининг ҳокими бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз даврининг таниқли мураббий ва муаллимлари раҳбарлигида таълим ва тарбия олган. Отаси Умаршайх Мирзо 1495-йилда вафот этгач 12 ёшида унинг ўрнига тахтга ўтирди.
Ватанпарварлик бизга Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиздан мерос!

Йиллар унга тобора юксак тажриба ортиришга, бу эса ўзи мақсад этган салтанатини қуришига хизмат қилди. Аёвсиз кечган жангу-жадаллар, давлат бошқарувидаги сиёсати, шеърият оламига туҳфа этган ноёб дурдоналари унинг серқирра ижодкор, жасоратли мард киши, гўзал хулқ атворга эга нафис табиат соҳиби бўлиб ўтганлигидан далолат бериб туради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг кўплаб машҳур асарлари билан бутун дунё тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг “Бобурнома” асари бугунги кунга қадар дунё ҳамжамиятида ўзининг юксак нуфузига эга эканлиги билан ажралиб турмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур саркарда, адабиётшунос, тарихшунос олим ва шоир сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг ҳукмронлик даврида илм-маърифатни давлат сиёсати даражасига олиб чиққан ва илм-маърифат соҳасига алоҳида эътибор қаратган.

                Ким ёр анга илм толиби илм керак,

                Ўргангали илм толиби илм керак.

                Мен толиби илм толиби илм йўқ,

                Мен борман илм толиби, илм керак.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг маънавий маърифий қарашларида Ватан туйғуси салмоқли ўринда туради.

  Бобур Афғонистонда ва Ҳиндистонда давлатни бошқариб турган ҳолда, умрининг охирига қадар киндик қони тўкилган юртини бир лаҳза ҳам унутгани йўқ. У она диёрини ҳаддан зиёд севарди, Ватанидан жудолигидан ғам-алам чекарди. Бобур туғилиб ўсган юртини қолдириб кетишни “Хатолик”, “юз қаролик” деб билган. Бу борада ўзини энг ғариб инсон дея билар эди.

                Толеи йўқи жонимга балолиғ бўлди,

                Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

                Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

                Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди.  

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1530-йилнинг 26-декабрида Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ўзи бунёд этган гўзал маскан Зарафшон чорбоғида вафот этди.

    Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, ахлоқ одоб, яхшилик, вафо, инсонни меҳнат аҳлини қадрлаш, инсонпарварлик, Ватандан жудолик ғам-алам эканлиги, адолат ҳақидаги қарашлари, ахлоқий таълимий фикрлари ҳозирги давр ёшлари тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

 

14.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг