Хусусан, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш мақсадида вилоят божхона бошқармасининг “Сирдарё” чегара божхона постида Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан постнинг маъмурий ва дам олиш бинолари, ҳудуддаги назорат ўтказиш жойлари ҳамда ошхона ва ювиниш хоналарида янгидан замонавий усулдаги қурилиш-реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари Давлат божхона қўмитаси томонидан “ИСУЗИ” русумли замонавий автобус ҳамда “Сирдарё” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган барча турдаги автотранспорт воситаларини самарали божхона назоратидан ўтказиш, божхона пости ўтказувчанлигини ошириш ва кўрик вақтини қисқартириш мақсадида умумий қиймати 3,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган Буюк Британияда ишлаб чиқирилган “Rapisсan Eagle M60” русумли мобиль инспекцион-кўрик мажмуаси ажратилди.
“Сирдарё” чегара божхона постида ўтказилган тадбир давомида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, сектор раҳбарлари, божхона фахрийлари ва кенг жамоатчилик томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тобора дунёга юз очаётгани, халқаро алоқалар, хусусан ташқи савдонинг янада кенгаяётганлиги божхонадаги рақамларда ҳам намоён бўлаётганлиги, бугунги кунда давлатимиз томонидан божхона органлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ва кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан ҳар бир божхоначи ҳалол, пок ва садоқат билан хизмат қилиши, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши лозимлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Сирдарё” чегара божхона пости 1991 йил ноябрь ойида ташкил этилган. Божхона постининг умумий майдони 2 гектарни ташкил этиб, Қозоғистон Республикасининг “Атамакен” чегара божхона пости билан ёнма-ён жойлашган, “Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Ҳукуматлари ўртасидаги Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали ўтиш пунктлари тўғрисида”ги Битимга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2017 йил 1 августдан Халқаро (кўп томонлама) мақомига ва “туну-кун” иш режимига ўтказилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 10 августдаги ПҚ-1595-сонли қарорининг 7-иловасида божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш манзилий дастурига мувофиқ, 2016 йилда “Сирдарё” чегара божхона пости қайта реконтрукция қилинган.
Бугунги кунда, фуқаро ва автотранспорт воситаларининг ҳаракати кескин ортиб, пост орқали 2019 йилда 1 560 191 нафар ёки бир кунда ўртача 4200–4500 нафар фуқаролар ҳамда 81 108 та ёки бир кунда ўртача 250–300 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.
Бундан ташқари, “Сирдарё” чегара божхона пости томонидан 2019 йил мобайнида жами 291та контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, улар бўйича ҳуқуқбузарлардан жами 3,1 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.
Хусусан 2019 йилда, пост ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.1999 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги 131-сонли қарор талаблари ижросини таъминлаш мақсадида, 1 та ҳолатда қиймати 2,2 млрд. сўмлик XVII, XVIII, XIX асрлар ва XX асрнинг бошларида Хитой, Германия, Чехословакия ва Украина давлатларида ишлаб чиқарилган қадимий маданий бойликлар (47 турдаги статуэткалар, вазалар, кубок, икона, крест)нинг республика ҳудудидан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилиши олди олинган.
13.02.2020