9 февраль, улуғ бобокалонимиз шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг таваллуд айёми. Шу сана муносабати билан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўқувчи ёшларга Навоий бобомизнинг ибратли ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда бобомиз таваллуд айёмининг 579 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида, Термиз шахридаги 4-сон ихтисослаштирилган мактаб интернатида мактаб раҳбарияти билан ҳамкорликда байрам тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида, ўқувчилар томонидан Алишер Навоий ижод намуналаридан шеърлар ва саҳна кўринишлар намойиш этилди. Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси биносида мазкур мактаб ўқувчилари ўртасида, Навоий ижоди юзасидан иншолар танлови ҳам ўтказилди.
Тадбир якунида, фаол иштирокчи ёшлар “Фахрий ёрлиқ”лар ва бадиий китоблар билан тақдирландилар.
Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олийжаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарди. Барча улуғ шоирлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари оша яшаб қолишига ишонган эди. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди, улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда. Ўзбек халқининг учта бахти бор. Биринчи бахти мустақиллик, иккинчи бахти ер ости ва ер усти бойликлари бўлса, учинчи бахти Навоийдир.
8.02.2020