Мазкур божхона омболари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида иш юритишини ташкил этиш мақсадида Самарқанд вилоят божхона бошқармасида ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда асосий эътибор божхона омборлари фаолиятига доир қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига қаратилди.
Йиғилишни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Қурбонов очиб, бугунги учрашувдан кўзланган асосий мақсад божхона органлари билан ташкилотлар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Учрашувда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона тартиб таомилларини соддалаштириш, божхона омборида божхона назорати остида сақланаётган товарлар устидан назорат қилиш ҳамда божхона омбори фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сон Фармони билан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилиши ёки йўқ қилиниши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Фармонга мувофиқ:
- 2018 йил 1 июндан бошлаб бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати томонидан амалга ошириладиган бўлди.
Маълумот ўрнида, бунга қадар “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар божхона органининг ҳудудий божхона бошқармалари томонидан берилар эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида 2019 йил 1 мартдан бошлаб лицензия лицензияловчи орган томонидан амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.
Маълумот ўрнида, бунга қадар “божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун лицензиялар 5 йил муддатга берилар эди.
Мазкур семинар қизиқарли мулоқот, фаол мунозарали ва ўзаро фойдали фикр алмашиш тарзда ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
8.02.2020