“Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия,
энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”
Ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, мамлакат тараққиёти учун дахлдорлик руҳида замонавий билимларни ўзлаштирган, чинакам маърифат ва юксак маданиятга эга ёш авлодни тарбиялаш мамлакат ривожини белгиловчи асосий омил ҳисобланади.
Ўзбекистон – улуғ алломалар, олим-у мутафаккирларга бешик бўлган макон. Кейинги йилларда бу замин фарзандларининг ота-боболарга муносиб авлод бўлиши, илмли ва зукко этиб тарбияланиши йўлида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун юксак билим ва тафаккурга эга ёшларни тарбияловчи иқтидорли болалар мактаблари, Президент мактаблари, «Темурбеклар мактаби», ижод мактаблари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани фарзандларимиз таълим-тарбия олиши учун янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
Барча соҳаларда илғор тараққиёт йўлидан бораётган ва юксак марраларни кўзлаган мамлакат учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва салоҳиятга эга кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Ўзбекистонда ташкил этилаётган Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлади. Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Таълим тизимини ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича таълим жараёни ташкил этилади.
Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактаби бугунги таълим тизимининг илғор методлари билан бойитилган бўлиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жорий ўқув йилида ўз фаолиятини бошлади. Ушбу мактабда ўқувчиларга яратилган шароитлар билан курсантларни таништириш, тенгдош-тенгдошга тамойили асосида Божхона институти курсантлари Президент мактабига ташриф буюрди.
Ташриф давомида мактаб фаолиятига оид маълумотлар билан таништирилиб, мактаб ўқувчиларига Божхона институти ва унда яратилган шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, институтда таҳсил олаётган бўлғуси божхоначилар мамлакат иқтисодий хавфсизлиги соҳасида фаолият кўрсатиши тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Ташриф давомида Институт курсантларига Президент мактаби бўйлаб таништирув экскурсияси ташкил этилди.
8.02.2020