Мазкур ташрифларнинг навбатдагиси, Қарши туманида жойлашган “ЛТ Текстиль” Ўзбекистон-Нидерландия қўшма корхонасига уюштирилди. Ташриф давомида корхона масъул раҳбарлари ва мутахасисларига божхона соҳасидаги сўнги ўзгартиришлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сон қарори мазмун-моҳияти ва қарор билан амалиётга жорий этилган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг имкониятлари тушунтирилди.
Юртимиз иқтисодиётида ўз ўрнига эга бўлган ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу корхонада йилига 22 минг тонна пахта хом-ашёси қайта ишланади ва 15 минг тонна ип калава маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Асосийси, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 95 фоизи Хитой, Россия, Эрон, Покистон, Белоруссия каби 15 дан зиёд давлатларга экспортга жўнатилмоқда.
– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан экспортга йўналтириляпти дейди, – корхонанинг чет эллик мутахассиси Чиа Чуан Чинг. – 2019 йилда экспорт ҳажми 52 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу борада божхона ходимлари яқиндан ёрдам бериб, божхона расмийлаштирувини куннинг исталган вақтида тўхтовсиз амалга оширишмоқда.
Дарҳақиқат, айни кунда корхонанинг иккинчи босқич қурилиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, корхона тўлиқ ишга тушса, маҳсулот экспорт ҳажми икки баробарга ошади. Аниқроғи яна 22 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаш имконияти яратилади. Шунингдек, табиий тоза пахта толасидан ярим тайёр 50 миллион метр куб аралаш мато ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Шу билан бирга, 700 нафар маҳаллий аҳолининг иш билан банд бўлиши таъминланади.
6.02.2020