Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилувчи Сабина бу йил 3-синфга боради. Отасининг ногиронлиги боис қизалоқ ҳамиша ўқув қуроллари билан етарлича таъминланган дея олмаймиз. Божхоначи опа-акаларидан бежирим мактаб сумкаси ва ўқув қуролларини қабул қилиб олар экан, Сабинанинг қувончдан порлаган кўзлари ўша лаҳзаларни кузатиб турган барчанинг дилини ёриштирди.
Унинг маҳалладоши Маржона ҳам бу йил 2-синфга қадам қўяди. Ҳам отаси, ҳам онаси ногирон бўлиб қолган қизалоққа совға қилинган ўқув қуроллари аслида унинг қалбига қадалган яхшилик уруғи бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.
Шу куни бу қувонч, бу хурсандчилик маҳалладаги Баҳодир ва Жонибек каби ўқувчиларнинг хонадонида ҳам меҳмон бўлди.
Аслида гап совға ва унинг катта-кичиклигида эмас. Энг муҳими, дунёни эндигина таниётган мурғак болаларни ҳамиша эътиборда эканлигига, бу муқаддас Ватанда ҳар бир инсон азизлигига ишонтира билиш, уларнинг онгу шуурида яхшилик ва инсонийлик каби умрбоқий тушунчаларни мустаҳкам шакллантириш ҳамиша бирламчи ҳисобланади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
21.08.2018