Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар ватан тараққиёти йўлида хизмат қилишмоқда
1264
2019 йилда божхона соҳасида давлатимиз томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини оширишга қаратилди.

Бу борада Хоразм вилоятида ҳам 2019 йил давомида божхона хизмати органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва берилган топшириқларнинг сўзсиз ижроси таъминланди.

Натижада, давлат бюджетига 191,01 млрд. (2018 й. – 67,6млрд) сўм божхона тўловлари ундирилиб, истиқбол режа 115,5 %га бажарилди.

Маълумотларга тўхталадиган бўлсак, вилоятнинг 2019 йилда ташқи савдо айланмаси 633,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилга (399,5 миллион) нисбатан 233,6 миллион АҚШ долларига ёки 58,47 фоизга кўпайди.

Бошқарма тасарруфидаги ТИФ божхона постларида божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун сарфланаётган вақтга назар ташлайдиган бўлсак, 2019 йилда экспорт товарларга расмийлаштирилган БЮДлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ортган. Расмийлаштирув вақти 2,5 баробарга қисқариб, 52 дақиқани ташкил этган.

2019 йилда импорт товарларга расмийлаштирилган БЮДлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар ортган. Расмийлаштирув вақти 2,3 бараварга қисқариб, 2 соат 38 дақиқани ташкил этган.

Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилганидан кейин танлов асосида божхона назорати амалга оширилиши натижасида расмийлаштирилган товарларнинг қарийб 62,1%и божхона кўригидан ўтказилмаган ҳолда расмийлаштирилган. Хавфни бошқариш ахборот тизими томонидан қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари суммаси 95 млн. 501 минг сўмни ташкил этган.

  2019 йил давомида бошқарманинг “Шовот”, “Дўстлик” ва “Урганч аэропорти” чегара божхона постлари орқали жами 20 484 та транспорт воситалари ҳаракатланган. Шундан автотранспорт воситалари 19 139 тани авиатранспорт воситалари 1 345 тани ташкил этди.

Хоразм вилояти чегара божхона постларида транспорт воситалари ва фуқароларни божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ҳам қисқарди. Жорий йилда битта автотранспорт воситасининг божхона назорати ва расмийлаштируви вақтини, самарадорлигини пасайтирмаган ҳолда, 14 дақиқагача, 2017 ва 2018 йилларнинг мос даврига нисбатан 2,3 марта қисқартиришга эришилди.

“Урганч аэропорти” чегара божхона постида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб икки йўлакли тизимнинг жорий қилиниши, божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрларининг оптималлаштирилиши, расмийлаштирув жараёнини соддалаштирилиши ҳамда божхона назорати техник воситаларидан унумли фойдаланилиши халқаро авиарейслар орқали учиб келаётган йўловчилар, уларнинг қўл ва багаж юклари божхона назорати ва расмийлаштирув вақтини ўтган йилларга нисбатан 2-3 маротаба қисқартириш имконини яратди.

Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва контрабандага қарши курашиш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида 2019 йил давомида контрабанда ва божхона қонунлари бузилиши билан боғлиқ жами 717 (673) та ҳолат аниқланиб, ашёвий далил тариқасида 1 020,1 (900,7) млн. сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳолатлар сони 44 тага, товар-моддий бойликлар қиймати 119,4 млн. сўмга кўпайган.

2019 йил бошидан 2 та ҳолатда “яширин цех” ташкил қилиб, истеъмолга яроқсиз бўлган спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётган шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Шу билан бирга:

- гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида 8 та ҳолатда 0,35 гр “гашиш”, 4,58 гр “марихуана” гиёҳвандлик моддалари, 688 дона “трамадол” гиёҳвандлик таблеткалари ҳамда 2 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги аниқланди;

 - 4 та ҳолатда “Яма” тезкор тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 1 та ҳолатда қиймати 57,5 млн. сўмлик 4750 литр истеъмолга яроқсиз чигитдан олинган пахта ёғи маҳсулотлари (ЎзР ЖКнинг 1862-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган) далилий ашё сифатида олинган бўлса, 3 та ҳолатда яшаш уйида жами 4713 кг бўлган умумий қиймати 16,9 млн сўмлик хар хил турдаги рангли металл парчалари аниқланди;

- 4 та ҳолатда 4 дона ов қуроли ва 20 дона ўқлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий иш материаллари юритилди;

- 1 та ҳолатда умумий қиймати 14,5 млн. сўмлик оғирлиги 5000 кг бўлган минерал ўғит маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди;

- 23 та ҳолатда умумий қиймати 97,9 млн. сўмлик 229596 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

-  рангли металларнинг вилоят ҳудудида ноқонуний айланиши билан боғлиқ 2 та ҳолат аниқланиб, жами 5877 кг рангли металл парчалари ҳуқуқбузарлардан далилий ашё сифатида олинди.

Шунингдек, бошқарманинг “Урганч аэропорти” чегара божхона пости орқали диний мазмундаги материалларни вилоят ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши билан боғлиқ жами 21 та ҳолат аниқланиб, шундан 5 та ҳолат юзасидан ЎзР ЖКнинг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият юритаётган божхона омборларига видеокузатув камераларини ўрнатиш ҳамда уларни ДБҚ ва бошқармадан онлайн кузатувини ташкил этиш мақсадида омбор таъсисчиларига тушунтиришлар берилди ва амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ҳозирги кунда 6 та божхона омборлари ва 14 та ТИФ иштирокчиларининг ўз омборларига, жами 20 та объектда  видеокузатув тизимлари ўрнатилиб, мазкур объектларда ўтказиладиган божхона кўрикларини ДБҚда ва бошқармада онлайн кузатиш имконияти яратилди.

2019 йил даврида бошқармага жисмоний ва юридик шахслардан жами 71 та (жисмоний шахслар 50 та, юридик шахслар 21 та) мурожаатлар келиб тушди.

Назоратга олинган мурожаатларнинг 69 таси бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари тушунтиришлар берилган бўлса, 2 таси тегишлилик бўйича ваколатлари ташкилотларга юборилган.

2019 йил давомида 107 марта семинар, матбуот анжумани, брифинг ва давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбирларда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва рухсат берувчи идоралар ходимлари иштирок этди. Шунингдек, чегара ҳудудларда, маҳалла ва овулларда маҳаллий аҳоли вакиллари билан 205 марта учрашувлар ташкил этилди.

Ўтказилган учрашувлар тафсилотлари, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва қулайликлар юзасидан республика ва маҳаллий телерадиоканалларда 136 марта, радиода 93 марта чиқишлар амалга оширилган бўлса, матбуот ва интернет сайтларда 358 та мақолалар жойлаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, божхона тизимини янада ислоҳ этишга қаратилган фаол божхона сиёсатини божхона соҳасидаги қонунчилигимизни умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишларида ривожлантириш муҳим ўрин тутади.

5.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг