Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб божхона органларида “Хавфни бошқариш тизими” тўлиқ ишга туширилди.
Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини қуйидаги рақамларда кўришимиз мумкин, яъни 2019 йил якунига кўра Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 42 139 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, импорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 496,6 млн. АҚШ долларни ҳамда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарлар ҳажми 282,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Экспорт товарларининг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат маҳсулотлари, импорт товарларини эса технологик-ускуналар ташкил этади.
Вилоятда экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Украина, Германия, Польша, Италия, Португалия мамлакатларига тўғри келган бўлса, товарларнинг импорти амалга оширилган мамлакатлар кесимида Хитой, Туркия, Япония, Қозоғистон, Корея, Россия, Германия, Латвия мамлакатлари давом эттирган.
Бошқарма томонидан 2019 йил давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 3 трлн. 637,6 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан 3 трлн. 379,3 млрд. сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди ҳамда Давлат бюджетига 258,3 млрд. сўм ундирилди. Ушбу божхона тўловларидан берилган имтиёзлар асосан импорт қилинган технологик-ускуналар ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари улушига тўғри келади.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан божхона соҳасига оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ва соҳага оид ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан 74 маротаба ва жамоатчилик вакиллари билан 238 маротаба давра суҳбатлари, учрашувлар ҳамда ўқув семинарлари ташкил этилди. Бундан ташқари божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бошқарма фаолияти ёритиш мақсадида 31 маротаба телевидениеда, 37 маротаба радиода чиқишлар, 54 маротаба газетада ва 148 маротаба интернет вэб-сайтларида мақолалар чоп этилди.
Бошқарма томонидан 2019 йил мобайнида божхона қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан бошқарма томонидан 2019 йилда жами 637 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 11 млрд. 571 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган. Божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлардан номувофиқ фойдаланишни олдини олиш йўналишида жами 8 млрд 395 млн сўмлик божхона тўловларидан берилган имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланиш билан боғлиқ 11 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.
2019 йилнинг ўтган давр мобайнида божхона соҳасининг муҳим жиҳатлари, қонунчиликдаги янгиликлар кенг жамоатчиликка етказишда ҳамда божхона қонунбузилиши олдини олишга қаратилган турли тадбирларни ўтказишда бошқа ҳуқуқни мухофаза қилув органлар билан ҳамда ОАВ билан доимий ҳамкорлик қилинди.
5.02.2020