Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Караманов очиб бериб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 боб, 480 моддадан иборатлигини, унда солиқлар ва йиғимларнинг сони ҳамда турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилгани, эндиликда, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар 9 турдаги солиқ тўловларини амалга ошириши ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Семинар давомида сўзга чиққан мутахассислар томонидан янги таҳрирдаги солиқ кодексига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар солиқ солишдан озод этилиши, шунингдек, янги таҳрирдаги солиқ кодекси билан божхона соҳасига оид бир қатор ўзгартиришлар киритилганлиги бўйича иштирокчиларга батафсил тушунтиришлар берилди.
Жумладан, Солиқ кодексининг янги таҳририда 1 январдан бошлаб:
- трансферт нархни белгилашда солиқ назоратини ўтказишда (шу жумладан таҳлил этиладиган битимнинг ва таққосланадиган битимларнинг тижорат ва молиявий шартларини таққослаш чоғида) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи савдосининг божхона статистикасидан фойдаланади;
- Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи шахслар Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ва товарларни(хизматларни) реализация қилувчи қўшилган қиймат солиғини тўловчилар, деб эътироф этилади;
- божсиз савдо божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилади;
- жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб киришнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тасдиқланган нормалари доирасида олиб кирилаётган товарлар солиқ солишдан озод этилади.
Учрашувда семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишди.
5.02.2020